28−29 май кунлари Тошкентда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия темирйўл администрациялари вакилларининг CASCA+ транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишни ривожлантириш бўйича учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар CASCA+ транспорт йўлагини ривожлантириш мақсадида амалга оширилиши керак бўлган лойиҳаларни муҳокама қилди. Муҳокама давомида мазкур транспорт йўлаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан консорциум ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Бундан ташқари, ташкилот йўлак бўйича тез бузилувчи (мева-сабзавотлар) юкларни рефрижератор (музлаткичли) контейнерларда ташишни йўлга қўйиш ҳамда йўлакнинг сайт фаолиятини ривожлантирган ҳолда йўлак бўйлаб ҳаракатланувчи вагон ва контейнерлар жойлашувини (дислокациясини) онлайн тарзда кузатиш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Маълумот учун, CАСCА+ Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат темир йўллари қўшма ташаббуси ҳисобланади. Ҳозирда бу йўналиш учта минтақа — Марказий Осиё (Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон ва Грузия), Анадолу (Туркия)ни қамраб олган.

Йўналиш номидаги «+» белгиси маршрут бўйлаб ташишдан манфаатдор бўлган янги потенциал иштирокчиларни қабул қилишга тайёрлигини билдиради, унинг якуний мақсади Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, хусусан, Хитойни Европа билан боғлашдир.