31 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Таиланд ва Филиппиннинг мамлакат учун тайинланган янги элчиларидан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олинди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Таиланд Қироллигининг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Сасиват Вонгсинсават билан учрашувда сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, туризм, халқ дипломатияси ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Филиппиннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Роберто Г. Манало билан учрашувда эса мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатлар юзасидан фикр алмашилди.

«Шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлик кун тартибини барча йўналишларда кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жаноб элчининг Ўзбекистон-Филиппин муносабатларида фойдаланилмаган улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда.