«Газета.uz»нинг Telegram`даги мурожаат ботига Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан маҳалладаги стадион бузилаётганидан норози аҳоли вакилларининг шикояти келиб тушди.

Унда айтилишича, туманнинг Янгиер маҳалласидаги стадионни бузиб, ўрнига боғча қуриш ишлари бошланган. Мазкур маҳаллада 4800 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

«Бу ҳолатдан Янгиер халқи мутлақо норози бўлишмоқда… Маҳалладаги фарзандларимизнинг биттаю битта овунадиган жойи — шу. Янги стадион қуриш ўрнига, нега бор стадионни бузишмоқда?» — дейилади мурожаатда.

стадион бузилиши, янгиер маҳалласи, қумқўрғон тумани

стадион бузилиши, янгиер маҳалласи, қумқўрғон тумани

Бундан ташқари, қурилиш ишларини олиб бориш учун хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳудуд ўралмагани ҳақида сўз борган. Илова қилинган суратларда экскаваторлар олдида ёш болалар ўйнаб юрганини кўриш мумкин.

стадион бузилиши, янгиер маҳалласи, қумқўрғон тумани

Мурожаатда, шунингдек, қурилиш паспорти йўқлиги, ҳеч нарса ҳақида огоҳлантирилмагани айтилади.

Ҳокимлик муносабати

Қумқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Асқар Сафаровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, у ерда ишлар қонуний тарзда олиб борилмоқда.

«У ерда иш қонуний кетяпти. Ўша ердаги стадионнинг бир бурчагидан маҳалла учун давлат боғчаси қуриляпти. Маҳалла аҳолисининг 150 нафар боласи боғча қамровига муҳтож. Бу маҳалла билан ёнма-ён Мустақиллик маҳалласи бор. У ердаги 63 нафар бола ҳам Янгиердаги хусусий боғчага қатнайди. Шуни ҳисобга олиб, нуронийлар ва бошқалар — маҳалла кенгашининг илтимоси ва президент дастурига биноан бўш ва қаровсиз турган стадионнинг бир бурчагида 35 сотих майдонда [боғча қуриляпти]», — деди у.

Асқар Сафаров иш олиб борилаётган ҳудуднинг умумий майдони 115 сотих экани, 35 сотихдан ташқари, яна 80 сотих жой стадион учун қолдирилаётганини таъкидлади.

«Фуқаролар ўша қолган ерда байрам тадбирлари, уумуман, қандай тадбир бўлса, стадиондан фойдаланиши, ёшлар ўйин ўйнаши мумкин. Буни вилоят ҳокими ҳам, туман ҳокими ҳам айтган эди. Бугун ҳокимимиз ҳам тушунтирди. У ерда қурилаётган давлат боғчаси фуқароларнинг ўзи, уларнинг болалари учун [хизмат қилади]», — деб таъкидлади ҳокимлик вакили.

Матбуот котибининг сўзларига кўра, 2019 йилда боғча қуриш юзасидан таклиф киритилган, аммо режа бекор бўлиб, ишлар амалга оширилмаган.

«2023 йил 11 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг раёсат йиғилиши 83-баённомаси ҳамда президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги 404-сонли қарори 11-бандига асосан, туманнинг Янгиер маҳалласидан 90 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши белгиланган. Бу жой туман ҳокимлиги захирасига олинган, ташландиқ, ҳеч ким эгалик қилмайди у ерга. 4−5 ёки ундан ҳам кўпроқ йил олдинроқ бу ҳудуд ҳокимлик захирасига олинган», — дея қўшимча қилди Сафаров.

Матбуот хизмати раҳбари «Агар ишлар қонуний қилинаётган бўлса, аҳоли билан бу ҳақда гаплашилмадими?» деган саволга қуйидагича жавоб берди.

«Халқ тушунишни хоҳламаяпти. Қурилаётган МТТ ўша халқнинг фарзандлари учун. Улар бизга стадион керак, боғча эмас, демоқда. Ваҳоланки, Янгиер маҳалласида 4800 дан ортиқ аҳоли яшайди. Ушбу маҳаллада хусусий боғчалар бор, аммо бирорта давлат боғчаси йўқ. Болалар эса боғча таълими билан тўлиқ қамраб олинмаган», — деди у.

Маълум бўлишича, фуқаролар қазиш ишлари бошланган куннинг ўзидаёқ стадион ҳудуди ва ковламаларга сув тошириб юборган. Ишлар шу сабабли тўхтаб қолган.

«31 май куни ҳудуддаги 4 та сектор раҳбарлари Янгиер маҳалласига бориб, аҳоли билан гаплашди. Бу ишлар давлат дастури асосида бўлаётгани фуқароларга тушунтирилди. Яна қандайдир тушунмовчилик бўлса, халқни йиғиб, тушунтириш олиб борилади», — дея таъкидлади Асқар Сафаров.