Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилда давлат харидлари соҳасини ривожлантиришга қаратилган 6 та норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бу ҳақда 2023 йилги давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси юзасидан ҳисоботда маълумот берилган.

Қайд этилишича, бу ҳужжатлар қонун, президент фармони ва қарори, ҳукумат қарори ва 2 та идоравий буйруқни ўз ичига олади.

Жумладан, вазирлик томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «2024−2026 йилларда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ишлаб чиқилган ва тасдиқлаш учун ҳукуматга киритилган.

Давлат харидлари соҳасида рақобат муҳитини кучайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокини кенгайтириш мақсадида давлат буюртмачиларига доимий тарзда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харидларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта хатловдан ўтказилган ва хатлов натижаларига кўра мазкур ҳуқуқларни бекор қилишни назарда тутувчи президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Хусусан, ушбу ҳужжат лойиҳаси билан давлат харидлари тизимида:

  • «яшил» харид (green procurement) ҳамда «барқарор» харид (sustainable procurement) турларини жорий қилиш ва харидлар бозорида тадбиркорлик субъектларининг иштирокини ошириш;
  • Рақамлаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда харидлар соҳасининг барча жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупциявий хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш;
  • тўғридан-тўғри шартнома тузишдан аввал мазкур шартномадаги нархларни олдиндан мажбурий тарзда жамоатчиликка очиқлаш тизимини йўлга қўйиш;
  • бизнес жараёнларини таҳлил қилиш ва соддалаштириш ҳамда инновацион ҳамкорлик ва тижоратдан олдинги харидлар (pre-commercial procurement) каби янги харид турларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Вазирлик, бундан ташқари, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишни рағбатлантириш мақсадида 2024 йилдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва ёш тадбиркорларга харидлар бозорида имтиёзли шартларда иштирок этиш имконияти яратилганини қўшимча қилди.

Бунда давлат харидлари махсус ахборот порталида кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган товарларни давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри сотиш имкониятини берувчи алоҳида саҳифа ташкил этилган.

Шунингдек, яна қуйидаги ишлар амалга оширилган:

  • давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича алоҳида электрон модул (саҳифа) яратилди. Мазкур модул (саҳифа) орқали мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилди;
  • айрим тўғридан-тўғри шартномаларни намунавий шакл асосида электрон тарзда тузиш имконияти яратилди;
  • иштирокчиларнинг нарх таклифларини баҳолашда ҚҚС суммасини инобатга олмасдан давлат харидларининг электрон тизими орқали автоматик таққослаш амалиёти жорий қилинди;
  • давлат харидларида қатнашаётган иштирокчиларининг ўз розилигига кўра тақдим этган таклифлари тўғрисидаги маълумотларни давлат харидлари электрон тизимида барча учун очиқлаш имконияти яратилди;
  • давлат харидлари жараёнида манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳолатларини электрон тарзда аниқлаш имконияти амалиётга жорий қилинди;
  • давлат харидлари электрон тизимида кўп (икки ва ундан ортиқ) йиллик шартномалар бўйича давлат харидларини амалга оширишга имкон берувчи тизим яратилди;
  • давлат буюртмачилари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан «Бизнесга кўмак» тамойили асосида ҳудудларда амалий семинарлар ташкил этилди.