Uzbekistan Airports ижтимоий тармоқлардаги Тошкент аэропортининг учиб келиш залида йўловчи ҳушидан кетгани акс этган видеолавҳага муносабат билдирди.

Унда айтилишича, видеодаги одамлар Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича 19:04 да пойтахтга етиб келган. Юкларни тушириш эса 19:23 да «ўз вақтида» амалга оширилган.

«Йўловчиларнинг тўпланиб туриши аэропортда юкларнинг кечикиши билан боғлиқ эмас», — дея тушунтирди ташкилот.

Uzbekistan Airports`нинг таъкидлашича, юклар олингач, божхона назоратига ўтиш жойида айрим йўловчилар тижорат мақсадида олиб келган товарларини расмийлаштиришдан бош тортган ва шу сабабли йўловчилар тўпланиб қолган.

Айни шу вақтда улардан бири ҳушидан кетган. Аёлга аэропорт тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган.

Унинг ҳушдан кетишига соғлиғидаги муаммолар сабаб бўлган, дея қайд этилади хабарда.

Ташкилотнинг эслатишича, жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик мақсадида товарлар олиб кирилаётганда божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланади. Тижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарлар божхона юк декларацияси асосида расмийлаштирилади ва божхона тўловлари белгиланган божхона ставкалари бўйича ундирилади. Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарларга нисбатан соддалаштирилган божхона расмийлаштируви қўлланади.