Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва божхона органлари ходимлари Тожикистон ва Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 78 кг гиёҳвандлик воситасини мусодара қилди.

гиёҳванд моддалар, дхх

Келтирилишича, Самарқанд вилояти Ургут туманида гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи 1 нафар Тожикистон ва 6 нафар Ўзбекистон фуқаросидан иборат гуруҳ фаолияти аниқланган. Тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзоларидан қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб келинган 11,5 кг опий моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, 2600 доллар, 12 млн 690 минг сўм ва 850 сомони ҳам ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилди, дейилади хабарда. Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган наркотикни Ўзбекистонда сотмоқчи бўлган. Гуруҳнинг Ургут туманида яшовчи 6 нафар аъзосидан 2 нафари муқаддам айнан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланган.

гиёҳванд моддалар, дхх

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида эса қозоғистонлик фуқаронинг юк сумкаси кўздан кечирилганда унинг ичида 46 кг 738 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Унинг тожикистонлик ва ўзбекистонлик шериклари ҳам ушланди. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

гиёҳванд моддалар, дхх

Қолаверса, Тошкент-Фарғона йўналишида ҳаракатланган Gentra Наманган вилояти Поп тумани ҳудудида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада Марғилон шаҳрида яшовчи ака-ука кетаётган автомашина салонида 19 кг 885 гр гашиш моддаси борлиги маълум бўлди. Уларнинг шериги дея айтилган яна бир шахс ҳам қўлга олинди. Терговга қадар текширувда улар муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган наркотик моддаларни олиб кетаётгани ойдинлашди.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.