Ўзбекистонга 2023 йил январь-декабрь ойларида 30 та давлатдан умумий қиймати 197 млн 842 минг доллар миқдоридаги гуманитар ёрдам юклари кириб келди, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат мақсадли жамғармаларининг 2023 йилги ижроси бўйича ҳисоботида.

Гуманитар ёрдамнинг асосий улуши қуйидаги давлатлар ҳиссасига тўғри келади:

  • Германия (71 млн 379,4 минг доллар ёки жами ёрдамнинг 36 фоизи);
  • Хитой (27 млн 467,6 минг доллар, 13,9 фоиз);
  • АҚШ (23 млн 234,2 минг доллар, 11,8 фоиз);
  • Бельгия (22 млн 620,2 минг доллар, 11,4 фоиз);
  • Швейцария (20 млн 757,8 минг доллар, 10,5 фоиз).

Умумий гуманитар ёрдамнинг 83,63 фоизи юқоридаги бешта давлатга тегишли.

Кириб келган гуманитар ёрдам соҳалар кесимида таҳлил қилинганда:

  • соғлиқни сақлашга (169 млн 233,5 минг доллар);
  • ижтимоий соҳага (1 млн 244,4 минг доллар);
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга (943,2 минг доллар);
  • таълимга (247,2 минг доллар) йўналтирилган.

Яъни кириб келган гуманитар ёрдамнинг 85,5 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига тўғри келади. Ушбу даврда кириб келган гуманитар ёрдамлар гуманитар ёрдам олувчи ташкилотлар салмоғига нисбатан таҳлил қилинганда:

  • ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига 58,2 фоиз;
  • «Таъминот ва логистика хизмати» унитар корхонасига 17,2 фоиз;
  • Гематология илмий тадқиқот институтига 10,5 фоиз;
  • «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондига 11,2 фоиз улуш тўғри келади.