Шавкат Мирзиёев 29 май куни «Асакабанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг инвестиция фаолияти ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга оид тақдимот билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, «Асакабанк» бу йил лойиҳаларга 2,1 миллиард доллар жалб қилиб, уларни тўлиқ ўзлаштиришни мақсад қилган. Бундан ташқари, фармацевтика ва автомобиль саноатида жами 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилган.

Шунингдек, банк иштирокида 285 минг аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланган, дейилади хабарда.

«Бизнесни ривожлантириш банки»нинг тақдимотига кўра, 2024 йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ва инвестиция лойиҳаларига жами 1,5 миллиард доллар жалб қилинади. Шундан 225 миллион доллари халқаро молия институтларидан олиб келинади. Ушбу маблағларни ўзлаштириш орқали йил якунигача жами 47 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилади.

Таъкидланишича, аҳолининг бизнес ғояларини молиялаштириш орқали 380 мингта ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ЯТТлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Банкнинг ўқитиш дастурлари билан 70 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олиш белгиланган.

Ҳамкор мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан «Асакабанк» иштирокида 772 миллион долларлик 87 та, БРБ томонидан 485 миллион долларлик 45 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Президент банклар барча мижозлари билан манзилли ишлаб, лойиҳанинг ҳар бир босқичида кўмаклашиши зарурлигини, бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилиши ва маҳаллаларда камбағалликнинг қисқаришида ўз ифодасини топиши кераклигини таъкидлади.

Банклар ўз ишини янгича ташкил қилиб, фақат кредит ажратадиган марказ эмас, балки ўзи истиқболли лойиҳаларни амалга оширадиган ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорларга тақдим этадиган замонавий инвестиция-тижорат тузилмасига айланиши керак, деди давлат раҳбари.

Тақдимотда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш жараёнларини рақамлаштириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш, замонавий дастурий ечимлар ва инновацияларни жорий қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.