Литвада президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Гитанас Науседа ғалаба қозонди. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, барча 1895 та сайлов участкасида бюллетенларни санаб чиқиш натижасида амалдаги президент 74,43 фоиз овоз тўплаган, дейилади Meduza хабарида.

Науседанинг рақиби, бош вазир Ингрид Шимонитени сайловчиларнинг 24,06 фоизи қўллаб-қувватлади. Сайловда 49,61 фоиз сайловчилар иштирок этди.

Науседа сайловолди штаб-квартирасида журналистлар билан суҳбатда Литва халқига ишонч учун миннатдорчилик билдирди ва президент сифатидаги янги муддатдаги устувор мақсад фаровон давлатини барпо этиш бўлиб қолишини айтди. Науседа, шунингдек, ишнинг яна икки йўналиши — ташқи сиёсат ва хавфсизлик муҳимлигини таъкидлади.

«Литва мустақиллиги, Литванинг эркинлиги мўрт идишга ўхшайди, биз уни асраб-авайлашимиз, ҳимоя қилишимиз ва унинг ёрилишига йўл қўймаслигимиз керак, шунинг учун ҳам жамоавий хавфсизлик тизими, НАТО, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлигимиз Литва учун умумий манфаат учун ишлайди», — деди у.

Гитанас Науседа 2019 йил июлидан бери Литва президенти лавозимида ишлаб келмоқда. Науседа доимий равишда Украинанинг Россия босқинига қарши курашини қўллаб-қувватлаб келади, шунингдек, Россия чегараларида НАТО қўшинларининг кўпайиши тарафдори.