Навоий вилояти Экология бошқармаси Конимех туман бўлими давлат инспекторлари томонидан ноқонуний равишда балиқ овлаш ҳолати аниқланди, дея хабар қилмоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Вазирлик қайд этишича, туманнинг «Шўркўл» МФЙ ҳудудидаги рейд давомида фуқаро Й.О. томонидан 5000 метрлик синтетик тўр ёрдамида табиий сув ҳавзаси ҳудудида 218 бош балиқ ноқонуний овлангани аниқланди. Оқибатда табиатга 1 миллиард 240 миллион 300 минг сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисми (Тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллар ёки воситалар билан ов қилиш ёки балиқ овлаш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Етказилган зарарни ундириш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги 627-сонли Қонунига асосан, 10 мартдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларидаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланган. Балиқларнинг уруғ қўйиш мавсуми давомида Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаларида 10 мартдан 31 майга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида 25 апрелдан 10 июнга қадар ва бошқа барча сув ҳавзаларида 16 апрелдан 31 майга қадар балиқ овлаш мумкин эмас.