21 май куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 2006 йилда туғилган йигит ўзидан 6 ёш катта фуқарога ўткир тиғли жисм билан ҳужум қилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи 18 ёшли С.Т. шаҳарнинг Бурҳониддин Марғилоний кўчасида 2000 йилда туғилган А.А.нинг ўнг орқа ва юз соҳасига ўткир тиғли жисм билан зарба берган ва ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳат етказган.

А.А. ҳодиса жойидан қочиб кетгани учун йигит жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган, дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида А.А.нинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Шаҳар прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи эса процессуал тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.