16 апрелга ўтар кечаси Тошкент шаҳри Юнусобод туманида бир гуруҳ ниқобли шахслар экскаватор ёрдамида дарахт қўпориб олганди. Пойтахт Экология бошқармасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, уларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Қайд этилишича, фуқаро Э.Д ва А.А. туманнинг Мингчинор маҳалласидаги кўп қаватли 16-уйнинг орқа қисмида 1 туп сафора дарахтини шикастлаб, илдиз қисми билан қўпориб олган. Шу ердаги фуқаролар эътирози билдирганида уларнинг гапларини инобатга олмасдан ҳақорат қилган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг ҳукми билан улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-модда (Майда безорилик) ва 79-модда (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилди ва ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, фуқаро Э.Д.га 17 млн сўм, А.А.га 8,5 млн сўм жарима жазоси тайинланди. Бошқарманинг қўшимча қилишича, улардан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун 27 880 000 млн сўм зарар ҳам ундириб олинди.

Эслатиб ўтамиз, соҳа мутахассислари ҳамда туман экология бўлими масъуллари томонидан дарахтга агротехник қоидаларга асосланган ҳолда ишлов берилган. Хусусан, биологик ўғитлар билан тўйинтирилган тупроқ қопламаси ётқизилган ҳолда ўз ўрнига қайта экилган.