Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси, турколог ва таржимон Рамиз Асқар 70 ёшида вафот этди. Бу ҳақда уюшма ахборот хизмати хабар берди.

Рамиз Асқар 1954 йилда Арманистоннинг Амаси туманидаги Азизбек қишлоғида туғилган. 1975 йилда Боку давлат университетининг журналистика факультетини, 1978 йилда Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

Узоқ йиллар Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида ишлаган. 2002 йилдан ўз илмий фаолиятини бошлаган. Боку давлат университети туркология кафедрасида, озарбайжон муҳожир адабиёти ва бадиий таржима лабораториясида, туркий халқлар адабиёти кафедрасида меҳнат қилган.

2004 йилда «Қутадғу билиг» асарининг тил хусусиятлари мавзусида номзодлик диссертациясини, 2009 йилда «Девону луғотит-турк» асарининг тил хусусиятлари мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. У 150 дан ортиқ илмий мақола, 70 дан зиёд китоб чоп эттирган, шуларнинг 54 таси таржима саналади.

Рамиз Асқар ўзбек мумтоз адабиётининг фидойи таржимони ва тарғиботчиси, Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини, «Хамса» достонларини тўлиқ озарбайжон тилига таржима қилиб, Боку шаҳрида чоп эттирган. Фидойи таржимон озарбайжон тилига ўгирган «Бобурнома» асари 2011 йилда Ислом Каримовга совға қилинган, дейилади уюшма хабарида.

Рамиз Асқар 2020 йил февраль ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинган. Ўзбек адабиётини тарғиб этишдаги хизматлари, ўзбек ва озарбайжон адабий алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2022 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

У, шунингдек, Озарбайжонда хизмат кўрсатган журналист унвонига эга. 2014 йилда Озарбайжоннинг «Шуҳрат» ордени билан мукофотланган. «Турк дунёси олдидаги хизматлари учун» (Туркия), «Олтин аср» (Туркманистон), Бобур (Ўзбекистон) мукофотлари, «Маданият соҳасидаги ютуқлари учун» медали (Татаристон) билан тақдирланган.