Маданият вазирлиги 2024−2025 йилларда ўз бюджети ҳисобидан The Voice of Uzbekistan («Овоз») телелойиҳаси учун салкам 2 млрд сўм, шунингдек, давлат бюджетидан «Боболарим» номли 10 дақиқали кино-клип учун 2,7 млрд сўм ажратганди.

«Газета.uz» мухбири пойтахтдаги Халқаро анжуманлар саройида Ботир Зокиров таваллудига бағишланган хотира кечасида маданият вазири Озодбек Назарбековдан ушбу лойиҳаларга ажратилган маблағлар ва унга нисбатан билдирилган жамоатчилик фикри бўйича муносабатини сўради.

У журналистнинг «Давлат бюджетида жиддий тақчиллик кузатилаётган бир пайтда „Овоз“ ва „Боболарим“ каби лойиҳаларга миллиардлаб маблағ ажратилиши қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?» деган саволига жавоб қайтарди.

«Биринчидан, мана шундай муҳокамалар кимгадир керак бўляпти, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, яъни бунинг буюртмачиси бор. Чунки Маданият вазирлиги „Овоз“ лойиҳаси учун 2 млрд [сўм] ишлатаётгани… „Овоз“ лойиҳасининг [франшизасини сотиб олиш] неча сўм туришини ўрганинглар олдин. Ўзи у неча пул туради, қайси давлат неча пул сарфлаб, уни [мамлакатга] олиб кирган? Тарихини ҳам бир ўрганинглар. Бошқа давлатларда бу лойиҳа учун кетаётган харажатнинг ўндан бири ҳам эмас биз ишлатаётган харажат. Нима учун [маблағ] тикяпмиз? Чунки шунақа имкон бўлиб қолди. Тез бу [лойиҳа]ни олиб келиш ва ўша пул эвазига Ўзбекистонга кириш имкони бўлиб қолди, лекин бундай имконият кейинги йил бўлмаслиги мумкин эди», — деди Назарбеков.

У «Овоз» лойиҳаси 2 млрд сўмга арзийдими ёки йўқми, деган нуқтаи назар билан қараш кераклигини таъкидлади.

«Гап пул бор ё йўқлигида эмас. Лойиҳа шу нархга арзийдими, деган савол билан мурожаат қилсаларингиз, ўн баравар кўпроғига ҳам арзийди, деган жавоб чиқади ўзи аслида. Мана шу виждони бор одамга жавоб бўлиши керак. Бу лойиҳа ўзи неча пул туради-ку, бугун Ўзбекистонга неча пулга кирди? Давлат бюджетидан қанча ишлатилаётган бўлган тақдирда ҳам, ўзи неча пул туради у лойиҳа? Шу ҳақда ўйлаб кўрдиларингизми, ҳисоб-китобларингиз борми?» — сўради вазир.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, «Овоз» лойиҳасига Маданият вазирлигининг 2 млрд сўм тиккани ҳамманинг эътиборига тушган.

«Аслида бу лойиҳанинг нархи қанча туради, деган савол бор? Давлат томонидан хусусий тадбиркорга кўмак бериш мумкин-ку, тўғрими? Хусусий кластерга ҳам мумкин, фақат санъат соҳасида хусусий бўлса, унга мумкинмас, шунақа бўладими? Демак, шунақа жавоб чиқадими? Санъаткор хусусий бўлса, унга [имтиёз] бериш керак эмас, лекин, мисол учун, фермер хусусий бўлса, унга ёрдам бериш керак. Вазирликнинг 2 млрд сўм тиккани ҳамманинг кўзига кўриняпти. Бугунги кунда бизнес нуқтаи назаридан тадбиркорларга қанча-қанча субсидиялар, имтиёзли кредитлар бериляпти. Бизнинг ҳам санъат йўналишидаги тадбиркорларни, санъаткорларни қўллаб-қувватлашимиз мана шу нормага тушадими ё тушмайдими? Бошқа йўналишларда давлат тадбиркорларга елка тутяпти. Маданият соҳасида ҳам елка тутиш мумкинми? Фақат бизники кўриняпти [оммага], бошқа ҳамма соҳага давлат ёрдам берса, у ҳеч нарса эмас. Лекин санъаткорга ёрдам берса, унга берма дейди [жамоатчилик]. Бу гапда қанчалик адолат бор?» — деди маданият вазири.

Озодбек Назарбеков 10 дақиқали «Боболарим» кино-клипи ҳақида ҳам гапираркан, ушбу лойиҳанинг ғоявий аҳамияти бебаҳо экани, унинг нархини белгилаб бўлмаслигини қайд этди.

«Масалан, бизга ҳозир «Мендирман Жалолиддин» даражасидаги лойиҳа керакми ёки керак эмасми? Ғоявий жиҳатдан жамиятимизга таъсир ўтказиши мумкин бўлган яхши асар керакми ёки керакмасми? [Эҳтиёж бўлса], демак, у қиммат туради, арзон бўлмайди. Тўғри, «Мендирман» клипини олган пайтимизда хонанда бўлганман, харажатларни чўнтагимдан ишлатганман, унга «Боболарим»дан кам пул кетмаган. Олдин кўчадан пул топардим, қилардим. Ҳозир яна ўзим қилайми, ойлигимни ҳам шунга ишлатайми? ["Боболарим"] кино-клипи бюджет пулига бўлаётгани [муҳокама қилиняпти]. Бошқа ким қиляпти? Хўп, қилсин, бюджетдан пул беришга ҳам тайёрман. Кимдир катта лойиҳа тайёрлаб, вазирликка ҳамкорлик ва ёрдам сўраб келсин. Чунки «Мендирман» клипини олишдан аввал қоқмаган эшигим қолмаган, ҳеч ким ёрдам қилмаган ўз вақтида. Бугун мен вазирман, шунақа лойиҳа кутяпман, лекин ҳеч ким олиб келмаяпти», — деди у.

Унинг айтишича, «Боболарим» клипи 2024 йилда премьера қилинади.