Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ижтимоий тармоқлардаги боғчада тарбиячи болани калтаклагани акс этган видеолавҳага муносабат билдирди.

Мазкур ҳолат 18 май куни Андижон шаҳридаги нодавлат таълим муассасасида содир бўлган. Видеоёзувдаги тасвирларда хонадаги 5 ёшли бола бошқа бир болани ургани кўринади. Сўнг тарбиячи келиб, калтак еган болага ўша болани уришини айтиб, урдиради. Кейин эса ходимнинг ўзи боланинг юзига тарсаки тушириб, хонадан силтаб олиб чиқиб кетади.

Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганганида тарбиячидан калтак еган боланинг отаси 20 май куни Андижон вилояти ИИБга айни ҳолат бўйича арз қилганини аниқлади.

Келтирилишича, хозирда тарбиячининг ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Андижон вилояти ММТБ ҳолатни назоратга олгани, ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди.