Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Ҳаж зиёратига ноқонуний юборишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik каналида эълон қилинди.

Унда келтирилишича, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган сайёҳлик фирмасининг 2 нафар ходими фуқаронинг ота-онаси Саудия Арабистонига бориши учун виза тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 18 минг доллар талаб қилган. Ходимлар 4,5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Юнусобод туманидаги сайёҳлик фирмаси раҳбари эса «Ҳаж 2024» мавсумида фуқарони сафарга юбориш эвазига 9,5 минг доллар талаб қилиб, 5,7 минг доллар олган вақтида қўлга тушди.

Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам сурхондарёлик 2 фуқарони сайёҳлик фирмаси орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг доллар сўраган. У пулнинг 10 минг долларини олган вақтида ушланди.

Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси эса фуқаро ва унинг 2 нафар ёш боласини 30 минг доллар эвазига Ҳажга юбормоқчи бўлди. У хизмат эвазига 15 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Шнингдек, вилоятнинг Ёзёвон туманида яшовчи шахс ҳам Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони ва унинг ота-онасини Ҳаж амалларини бажаришлари учун сайёҳлик фирмаси орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига 16 минг доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари кетмоқда.

ДХХ Саудия Арабистони тартибига кўра, чет элликлар учун Ҳаж зиёратини адо этишда фақат, Ҳаж визасига эга бўлиш кераклиги, қолган барча турдаги визалар — «Умра», «туризм», «бизнес» ва бошқалар билан Ҳаж зиёратига бориш тақиқланишини эслатди.

Тартибни бузган хорижликлар Саудия Арабистонидан депорт қилиниб, ушбу мамлакатга 10 йил муддатга кириши тақиқланади ҳамда 50 минг саудия риёли миқдорида жаримага тортилади.