Олий Мажлис Сенати 18 май куни бўлиб ўтган йиғилишда 2023 йил 9 июнда Вашингтонда имзоланган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва АҚШ Мудофаа вазирлиги ўртасида махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани ва кейинги йилларда мамлакатнинг муҳим ҳамкорларидан бири бўлганини таъкидлади.

Ҳарбий-техникавий шериклик икки давлат шериклигининг муҳим йўналишларидан биридир, деди сенатор.

«Жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, мавжуд ҳарбий таҳдидлар Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ билан ҳарбий-техник ҳамкорлигини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Бу ўринда, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва АҚШ Мудофаа вазирлиги ўртасида махфий ҳарбий маълумотларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш масаласи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади», — деди у.

Равшанбек Алимов келишувнинг ратификация қилиниши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик кафолатларини яратиш, шунингдек, мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини оширишга хизмат қилишини айтди. Унинг таъкидлашича, бу «тегишли масалалар бўйича» махфий ҳарбий маълумотларни ўзаро манфаатли алмашиш учун ҳам зарур шарт-шароитларни яратади.

Битим ўзбек ва инглиз тилларида тайёрланган бўлиб, муқаддима ва 25 моддадан иборат. Уни ратификация қилиш қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни ёки бюджетдан қўшимча маблағ ажратишни талаб қилмайди, деди сенатор.

Сенат раиси Танзила Нарбаева мазкур ҳужжатни ўзаро манфаатли маълумот алмашиш, миллий хавфсизликни таъминлаш учун текин ҳарбий-техник ёрдам олиш, Мудофаа вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги бўлинмалари томонидан ҳарбий техникадан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотларини ўтказиш ва бошқа масалаларини қамраб олган «яхши қонун» деб атади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонунни 2023 йил декабрь ойи охирида қабул қилган эди.