10 апрель куни бошланган «Тоза ҳаво» ойлиги доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10 кун ичида 58 822 та автомобиль экологик назоратдан ўтказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирлар давомида 518 та транспорт воситаси атмосферага меъёридан ортиқ зарарли моддалар чиқараётгани аниқланди.

Ҳолатлар юзасидан жами 303 нафар ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича жами 50,1 млн сўм жарима қўлланди. Шунингдек, 222 та транспорт воситасининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

«Тоза ҳаво» ойлигининг 2024 йилдаги I босқичи 10 майга қадар давом этади. Жараён давомида жами 200 мингта автотранспорт воситасини экологик назоратдан ўтказиш белгиланган.