Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматовага Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро Б.О.дан неварасига отаси томонидан қилинган тазйиқ ва зўравонлик ҳақида мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, аёлнинг қизи К.С. 2022 йилдан буён Кореяда ишлаб келмоқда, 8 ёшли ўғли эса отаси қарамоғида қолган. Мурожаатга илова қилинган видеода видеоқўнғироқ пайтида эр ва хотиннинг жанжаллашгани ва эркак боланинг томоғига пичоқ тирагани акс этган. Бундан ташқари, эркак аввал ҳам хотинини бир неча бор калтаклаб, соғлиғига зарар етказган.

Мурожаат зудлик билан назоратга олиниб, омбудсман ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий вакили томонидан вазият жойида ўрганилди.

Аниқланишича, бола ҳозир бувиси билан яшайди. Суҳбат давомида бола ота-онаси ўртасидаги носоғлом муносабатлардан норози экани, отаси билан яшашни истамаслиги, балки бувиси билан яшашни хоҳлашини айтди. Шундан сўнг буви набирасига вақтинчалик васий этиб тайинланди.

Эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, агар бу ҳаракат амалга оширилишидан хавфсираш учун етарли асослар мавжуд бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.