Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги TikTok қисқа видеолар сервисини блоклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда вазир Аида Балаева маълум қилди, деб ёзади Zakon.kz.

«Биз бу масалани ўрганяпмиз. Менимча, [блокировка қилиш] зарур, мен вазир сифатида буни кўриб чиқиш кераклигини айтяпман», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда наркотик моддалар, порнографик ва экстремистик материалларни тарқатиш ҳолатлари кўпайган.

«Мониторинг шуни кўрсатадики, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ноқонуний контентлар сони ортиб бормоқда. Глобал тенденцияда эса, кўриб турибсизки, ҳозир кўплаб давлатлар баъзи ижтимоий тармоқларни блокировка қилишга ва ундан воз кечишга мажбур бўлмоқда», — деди Балаева.

Вазирнинг таъкидлашича, TikTok барча ижтимоий тармоқлар орасида мамлакатда тарқатиш тақиқланган материаллар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, блокировка қилиш тўғрисидаги қарор платформада ноқонуний контент даражаси қанчалик «юқори ва чегарадан ортиқ экани» асосида қабул қилинади.

Ўтган ҳафта Қирғизистонда TikTok`га кириш блокланганди. «Алоқа соҳасида тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати алоқа операторларига кўрсатилган хизматдан фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида хат юборди», — дейилади Рақамли ривожланиш вазирлиги хабарида.

Вазирликнинг қайд этишича, улар бу чораларни нодавлат нотижорат ташкилотларининг гўё ижтимоий тармоқ болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир билдириб йўллаган бир қанча мурожаатларидан сўнг кўрган.