Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» янги лойиҳасини тақдим этди, деб хабар қилди банк матбуот хизмати.

Лойиҳа жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ва бинолар соҳасида тоза энергияга хусусий инвестицияларни жалб қилиш муҳитини ривожлантиришга ёрдам беради.

Ўзбекистонда якуний энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади, кейинги ўринларда саноат (22 фоиз) ва транспорт (20 фоиз) туради, дейилади хабарда. Ижтимоий бинолар соҳасида туман шифохоналарида энергия сарфининг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ поликлиникаларида 88 фоизи, мактабларда 97 фоизи иситиш учун сарфланади.

Жаҳон банкининг таъкидлашича, Ўзбекистондаги аксарият жамоат бинолари 1970−1980 йилларда энергия самарадорлиги стандартларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилган. Уларнинг иссиқлик изоляцияси ёмон ва температура комфорти стандартларига жавоб бермайди. Улар энергияни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қиладиган эски қозон ва иссиқ сув иситиш тизимларидан фойдаланади.

Жаҳон банки томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали энергия тежашнинг йиллик салоҳияти 7000 гигаватт-соатдан (ГВт/соат) ортиқни ташкил қилади. Шундан 6810 ГВт/соатга яқини иссиқлик, 240 ГВт/соатдан ортиғи эса электр энергияси кўринишида иқтисод қилиниши мумкин.

2022 йил июнь ойида Жаҳон банки Ижроия директорлари кенгаши «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳасини амалга ошириш учун мамлакатга ажратиладиган 143 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитни маъқуллаганди. Бу маблағлар бутун Ўзбекистон бўйлаб жамоат биноларининг ўзгарувчан иқлим шароитига тайёрлигини ошириш, энергия сарфини қисқартириш ва атмосферага чиқадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга йўналтирилади.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Лойиҳа Энергетика вазирлиги ҳузуридаги юджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда. Жамғарма 2020 йилда иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ижтимоий соҳа ва уй-жой қурилишига инвестицияларни жалб қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.

Лойиҳа доирасида жамғарма томонидан қишлоқ ва шаҳарларда фаолият юритаётган Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимидаги муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари молиялаштирилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 2023−2028 йилларда мамлакат бўйлаб 500 дан ортиқ ижтимоий объектлар, жумладан, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, шифохоналар ва поликлиникаларни модернизация қилиш ва таъмирдан чиқариш, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш режалаштирилган.

Жамғарма, шунингдек, ушбу биноларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тегишли муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича зарур ишларни харид қилиш ва молиялаштириш, улар иқтисод қиладиган энергияни ўлчаш ва текшириш бўйича хизматларни тақдим этади.

Лойиҳага тааллуқли жамоат бинолари етарли бўлмаган иситиш тизими ёки қизиб кетишнинг олдини олиш учун миллий температура комфорти стандартларига асосан модернизация қилинади. Лойиҳа фаолияти энергия сарфини камайтириб, ҳаво сифати ва тегишли муассасаларни, айниқса, қиш ойларида, энергия билан таъминлаш ишончлилигини яхшилайди. Шунингдек, мактабгача ва мактаб муассасаларида ўқувчилар, соғлиқни сақлаш муассасаларида беморлар, шунингдек, ходимлар учун температура комфортини ошириш орқали давлат хизматларини кўрсатади, дея қайд этди Жаҳон банки.

Юқорида қайд этилган жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари уларнинг термоизолацияси ҳамда иситиш, вентиляция, ҳавони тозалаш ва ёритиш тизимларининг ишлашини яхшилашни назарда тутади. Бундан ташқари, тегишли муассасаларда кўмир қозонларини қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлайдиган иситиш ва иссиқ сув тизимларига алмаштирилади. Хусусан, бу иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панелларини ўрнатиш орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида аҳоли ўртасида энергия самарадорлиги масалалари бўйича фуқароларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида ахборот-маърифий кампания ўтказилади.