АҚШ Хитойнинг бир қатор банкларига қарши санкциялар ишлаб чиқмоқда, бу уларни жаҳон молия тизимидан узиб қўйиши мумкин, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal (WSJ) манбаларига таяниб. Шу орқали Вашингтон Пекиннинг Россия ҳарбий саноатига молиявий ёрдамини тўхтатишга умид қилмоқда, дея қайд этади нашр.

Тайёрланаётган санкциялар ҳақидаги маълумотлар АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Хитойга ташрифи арафасида пайдо бўлди. Блинкен юқори мартабали Пекин расмийлари билан Россия ва Украина ўртасидаги уруш, Яқин Шарқ ва Тайвандаги кескинликларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Америка расмийларининг таъкидлашича, Хитой Ғарб огоҳлантиришларига қулоқ солиб, ўзи Россияга қурол юбормаган бўлса-да, схемалар, самолётлар қисмлари, автомобиллар ва дастгоҳларнинг асосий етказиб берувчисига айланган. Бу ёрдам Москвага ҳарбий-саноат салоҳиятини тиклаш имконини берган, деб ҳисоблайди Вашингтон.

АҚШ Хитой банкларининг долларга эгалик қилиш имкониятинининг йўқолиш хавфи ва Европа билан савдо алоқаларининг ёмонлашиши риски Пекинни йўналишини ўзгартиришга ишонтиришидан умид қилмоқда. Банклар Россияга экспорт қилиш, тўловларни қайта ишлаш ва мижоз компанияларга савдо кредитлари бериш учун асосий воситачилар ҳисобланади.

WSJ манбаларининг таъкидлашича, агар дипломатия Пекинни экспортни чеклашга кўндира олмаса, банкларга нисбатан санкциялар қўллаш эскалация варианти бўлиб хизмат қилади. АҚШ расмийлари сўнгги ҳафталарда шахсий учрашувлар ва қўнғироқларда Пекинга босимни кучайтирган ва Вашингтон икки мақсадли товарлар савдоси билан шуғулланадиган Хитой молия институтларига қарши чоралар кўришга тайёрлигидан огоҳлантирган.