Буюк Британия Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни истайди ва қайсидир томонларни танлашни сўрамайди, деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Тошкентга ташрифи чоғида.

«Марказий Осиё — дунёнинг муҳим минтақаси. Минтақада жуда кучли қўшниларингиз бор, улар билан ҳамкорлик қиласиз. Бу ерда шуни айтмоқчиманки, биз сиздан бу шериклар ва Буюк Британия каби давлат ўртасида танлов қилишингизни сўрамаяпмиз…», — деди Кэмерон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб бераркан.

«Агар сиз биз билан таълим, иқлим ўзгариши, бизнес ёки савдо соҳаларида ҳамкорлик қилишни истасангиз, танловингиз бўлиши керак. Биз бу ҳамкорликни ўрнатиш учун шу ерда бўлишни хоҳлаймиз. Сизга танлов берамиз ва бу, менимча, энг асосийси», — дея қўшимча қилди у.

Кэмерон Буюк Британия ва Марказий Осиё худди шундай муаммоларга дуч келаётганини қайд этди. «Биз қандай қилиб иш ўринларини яратамиз ва [мамлакатни] гуллаб-яшнатамиз? Мамлакатларимиздаги одамларнинг ишлаш имконияти ва ҳаётда ўз овози бўлишини қандай таъминлашимиз мумкин? Ҳамма гап ана шунда. Ва шунинг учун мен бугун шу ердаман», — дея таъкидлади вазир.

Дэвид Кэмерон Марказий Осиёнинг барча беш давлати ва Мўғулистонга расмий ташрифи доирасида 23 апрель куни Ўзбекистонга ташриф буюрди. У аллақачон Тожикистон ва Қирғизистонда бўлиб, президентлар Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров билан учрашди.

Тошкентда Ўзбекистон ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари ҳар томонлама ҳамкорлик декларацияси, минтақавий ва халқаро муносабатлар ҳамда инфратузилма соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг айтишича, ушбу учрашувда асосий эътибор иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилди.

Аввалроқ «Газета.uz» Дэвид Кэмероннинг колонкасини эълон қилганди. У Ўзбекистонга ташрифи олдидан ўз мақоласида ҳамкорликни янги даражага кўтарадиган учта устувор йўналиш — иқтисодий ривожланиш, таълим ва минтақа давлатларининг мустақиллигини мустаҳкамлашни санаб ўтганди.