Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қарши шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари оширилди. Бу ҳақда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизмати хабар берди.

Қуйида ҳудудлар бўйича аҳоли ва юридик шахслар учун эски ва янги тарифлар кўрсатилган. Янги тарифлар ҚҚС билан ҳисобланган.

  • Қорқалпоғистон Республикасида аҳоли учун аввалги тариф 1 кишига ойлик 2600 сўм эди, янги тариф — 4032 сўм. Юридик шахслар учун аввалги тариф 1 метр куб учун 40 минг сўм эди, янги тариф — 72 минг 240 сўм.
  • Жиззах вилоятида аҳоли учун аввалги тариф 1 кишига ойлик 4000 сўм эди, янги тариф — 6000 сўм. Юридик шахслар учун аввалги тариф 1 метр куб учун 50 минг сўм эди, янги тариф — 67 минг 200 cўм. Шунингдек, 1 тонна учун (ҚҚСсиз, тонна билан суюқ маиший чиқиндилар ҳисобланади) 135 минг 420 сўм.
  • Сирдарё вилоятида аҳоли учун аввалги тариф 1 кишига ойлик 2800 сўм эди, янги тариф — 4000 сўм. Юридик шахслар учун аввалги тариф 1 метр куб учун 45 минг сўм эди, янги тариф — 81 минг сўм.
  • Сурхондарё вилоятида аҳоли учун аввалги тариф 1 кишига ойлик 3000 сўм эди, янги тариф — 4500 сўм. Юридик шахслар учун аввалги тариф 1 метр куб учун 54 минг сўм эди, янги тариф — 78 минг 400 сўм.
  • Қарши шаҳрида аҳоли учун аввалги тариф 1 кишига ойлик 4550 сўм эди, янги тасдиқланган тариф — 6160 сўм. Юридик шахслар учун аввалги тариф 1 метр куб учун 50 минг 400 сўм эди, янги тариф 89 минг 600 сўм.

Инфографика: Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизматиИнфографика: Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизмати

Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг қайд этишича, бу чора-тадбирлар давлат раҳбарининг «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

«Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббусига кўра Халқ депутатлари ҳудудлар кенгашларининг тегишли сессия қарорлари билан белгиланган мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Бу борада ишчи орган этиб белгиланган Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, хусусан, иш ҳақи 1,5 бараварга, автотранспорт ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари қиймати ҳамда коммунал хизматлар, жумладан, электр энергияси, ичимлик ва оқова суви нархлари 2 бараварга, сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга, бензин 1,5 бараварга, дизель ёқилғиси эса 2 бараварга ошган.

Бироқ ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2−4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган, бу эса санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетган.

Ҳозирда республиканинг қолган бошқа ҳудудларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилаш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Аввалроқ Тошкент шаҳри, Бухоро ҳамда Наманган вилоятларида чиқинди хизмати тарифлари оширилганди.