Ўзбекистон Давлат мусиқали комедия театрининг (оперетта) 50 йиллигига бағишлаб 26−28 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Operetta.uz II Халқаро мусиқали театрлар форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда оперетта театри матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Тадбирда Беларусь, Озарбайжон, Россия ва Қозоғистон мусиқали театрлари вакиллари иштирок этади. Форум иштирокчилари орасида режиссёрлар, театр хореографлари, ижодий жамоалар ва етакчи рассомлар бор.

Форум доирасида маҳорат дарслари ва «Одам-амфибия» мусиқий фильмининг намойиши режалаштирилган.

28 апрель куни бўлиб ўтадиган гала-концертда Беларусь давлат академик мусиқали театри, Новосибирск мусиқали театри, Озарбайжон давлат академик мусиқали театри, Қарағанда академик мусиқали комедия театри солистлари иштирок этади.

Бундан ташқари, театр юбилейига бағишланган албом тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.