19−21 апрель кунлари Республика болалар кутубхонасида болалар инклюзияси мавзусига бағишланган «Ҳис-туйғулар музейи 0+» VIII конференцияси ўтказилади. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Ҳар йили ўтказиладиган конференция «Гараж» замонавий санъат музейининг инклюзив дастурлар жамоаси ташаббуси билан профессионал ҳамжамият доирасида тажриба алмашиш ва инклюзив лойиҳаларни ишлаб чиқишнинг турли ссенарийларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилади. Бу йил иштирокчилар таркиби илк бор очиқ танлов давомида жамланган аризалар асосида шакллантирилди.

«Конференция жамоаси инклюзия жамиятдаги хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, жисмоний ва ахборот қулайликларини таъминлаш, муҳитнинг ўзи ўзгариши билан боғлиқ амалиётлар тўплами, шунингдек, барча тур ва шаклдаги истисно ва камситишларни енгиб ўтиш бўйича ташаббусларни тушунади», — дейилади баёнотда.

Анжуманда Марказий Осиё, Европа, АҚШ, Таиланд ва Россиядан музей ходимлари, ўқитувчилар, методистлар, рассомлар ва бошқа мутахассисларнинг назарий ва амалий тажрибалари жамланган. Унинг мавзуси «Болалар ва ўсмирлар билан ишлашда инклюзив амалиётлар» бўлади.

Конференция дастури тўрт мавзудан иборат шўбаларга бўлинган:

  1. Турли кечинмали болалар ва ўсмирларга мўлжалланган лойиҳаларда норасмий (муқобил, радикал) педагогиканинг услуб ва ёндашувлари;
  2. Адабиёт, мултфильм, кино саноатлари, кўргазма лойиҳалари ва бошқа болалар ҳамда ўсмирлар учун лойиҳаларда хилма-хиллик ва бошқачаликни намоён этиш;
  3. Ногиронлиги бор болаларга таълим бериш расмий ва тажриба-синовларга асосланган совет амалиётларининг ҳозирги замонга таъсири;
  4. Маданиятда болалар инклюзив лойиҳалари конструктори: мавқе эгаллаш ва лексикасидан тортиб материалларни танлаш ва тингловчиларни жалб этишгача.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тадбир инклюзия ва қулай муҳит яратиш соҳасида фаолият олиб бораётган ҳам тажрибали, ҳам эндигина фаолиятини бошлаган ходимлар ҳамда ташкилотлар учун қизиқарли бўлади.

19−20 апрель кунлари маъруза ва муҳокамалар шаклида профессионал ҳамжамият учун учрашувлар ўтказилади. 21 апрелда эса болалар ва оилавий инклюзив тадбирлар, барча хоҳловчилар қўшилиши мумкин бўлган маҳорат дарслари, ўйинлар ва китоблар мутолаасига бағишланади.

Конференция дастури ва иштирокчилар билан ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Конференциянинг барча тадбирлари ҳам иштирокчилар, ҳам тингловчилар учун рўйхатдан аввалдан ўтиш орқали бепул бўлади. Бундан ташқари онлайн-транслация имконияти ҳам мавжуд бўлади.