18 апрель куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 277-мактабда 1-синф ўқувчиларининг қўлларига игна ва «саморез» санчган 22 ёшли ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО тергов бўлими Жиноят кодексининг 110-моддаси (Вояга етмаганларни қийнаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов доирасида қўлига игна санчилганлиги айтилган 1-синф ўқувчилари Й.М. ва Ш. У.га суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 16 апрель куни ота-оналар мактаб директорининг ҳузурига келиб, синф раҳбарининг устидан шикоят қилган. Мурожаатда ота-оналар ўқитувчи гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини билдиришган.

Хусусан, ҳолат 2023−2024-ўқув йили бошидан бери такрорланиб келган. Ўқитувчи болаларга бу ҳақда кимгадир айтишса, бундан баттарини қилиб, қўлларига мих тиқишини айтиб қўрқитган.