Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 15 апрель кечаси экскаватор ёрдамида дарахтни қўпориб олган ниқоблиларнинг шахсига аниқлик киритилди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, туманнинг Мингчинор маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли 16-уйнинг орқа қисмида бир гуруҳ ниқобли шахслар 1 туп сафора дарахтини давлат рақами бўлмаган экскаватор ёрдамида илдиз қисми билан олиб ташлаган. Улар ҳаракатини видеотасвирга олиш бошланганидан сўнг қочиб кетган.

Экология вазирлиги тегишли соҳа мутахассислари ҳамда туман экология бўлими масъуллари томонидан дарахтга агротехник қоидаларга асосланган ҳолда ишлов берилганини маълум қилган эди.

Фото: Экология вазирлигиФото: Экология вазирлиги

«Ҳозирда ҳуқуқбузарларнинг шахси тўлиқ аниқланиб, тегишли процессуал чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қўшимча қилинишича, дарахтларни нобуд қилган шахслар ва ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширишни режалаштирган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.