Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 18−19 апрель кунлари давлат ташриф билан Душанбеда бўлади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Ташриф дастурига мувофиқ, Душанбе шаҳрида олий даражадаги музокаралар, қатор икки томонлама учрашув ва қўшма тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Кун тартибидан Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.

Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилмоқда.