16 апрель куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги истироҳат боғида аттракцион троси узилиб кетиши оқибатида 4 киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш қўмитаси матбуот хизмати.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу ҳолат шаҳарнинг Ат-Термизий кўчасида жойлашган Termiz avenue park МЧЖга қарашли Bolajon маданият ва истироҳат боғида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 4 нафар — 11 ва 15 ёшли қизлар ҳамда 27 ва 29 ёшли аёллар жароҳатланган.

Улардан 2 нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган. Жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.

«Аттракцион мавсум олдидан тўлиқ техник шаҳодат синовларидан ўтказилмаган. Уни тайёрлаш ва техник текширувдан ўтказиш учун масъул шахс тайинланмаган, мавсумга тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома ҳам тузилмаган», — дейилади қўмита хабарида.

Қўмитанинг тушунтиришича, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун ташкилотнинг истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш бўлими томонидан жойига чиқиб ўрганилади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Термиз шаҳри ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.