Абдуллоҳ Рўзиев — андижонлик ёш таржимон. У Андижон давлат чет тиллар институти 2-курс магистратура талабаси бўлиб, Асака тумани Занкент қишлоғида болаларга инглиз тилидан сабоқ беради. Андижон давлат университетининг Инглиз тили ва адабиёти факультетини тамомлаган ҳолда бакалавр даражасини олган. Насрга меҳри доимо бўлган, лекин талабалик йилларига келибгина бу меҳр юзага чиққан. Энг муҳими, у инглиз тилидаги адабиётларни ўқишни яхши кўрарди.

У ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари билан ёшлигида танишган. «Дунёнинг ишлари» — Ўткир Ҳошимовнинг онаси билан боғлиқ ҳикоялари тўплами. Биринчи марта 1982 йилда нашр этилган асарда Тошкентнинг урушдан кейинги йиллари тасвирланган. Ёзувчи ўз оиласи, онаси мисолида тошкентликларнинг ўша йиллари бошидан кечирган ҳаёти ва қийинчиликларини тасвирлаган.

«Аввалига ёшим туфайли китобнинг аҳамиятини тушуна олмадим. Бошқа асарлар каби эътиборимни тортмади», — деб эслайди Абдуллоҳ Рўзиев ҳикоялар билан биринчи танишувини.

дунёнинг ишлари, марк риз, ўзбек адабиёти

Таржима муқоваси. Муаллифлар «Дунёнинг ишлари» сарлавҳасини ўзбек тилида қолдиришга қарор қилган, пастроққа инглиз тилида «Such Is Life» сарлавҳасини қўшишган. Сурат муаллифи: Дилдора Сапашова

Абдуллоҳ Рўзиев орадан йиллар ўтиб, олий ўқув юртига ўқишга киришга ҳозирлик кўраётган вақтда ижодга қайтди. Шу вақтда ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга қизиқиб қолди. «Дунёнинг ишлари»ни иккинчи марта қўлига олганда, асар таржимонни ҳайратда қолдирди.

«Ўткир Ҳошимовнинг ажойиб истеъдоди идеал ўзбек онасининг қиёфасини сўзларда тўғри етказа олишидадир. Ҳикояларда онамнинг аксини топдим. Бироз ўтиб бу китоб менинг севимли китобларимдан бирига айланди», — дея давом этди у.

Абдуллоҳ 2016 йилда ҳикояларни инглиз тилига таржима қилишни бошлаган. Ишни 2018 йилга қадар якунлади. Асарни кенг оммага тақдим этишдан аввал таржимон Ўткир Ҳошимов авлодларининг дуосини олишга қарор қилди. Шунингдек, 2018 йилда у CEFR инглиз тили имтиҳонини топшириш учун Тошкентга келди. Фурсатдан фойдаланиб, у ўзбек адибининг яқинлари билан учрашиш учун пойтахтда қолди. Уларнинг контактларини таржимонга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тақдим этди. Рўзиев ёзувчининг қизига қўнғироқ қилади, улар томонидан Абдуллоҳга тартиб-қоидалар тушунтирилади. Адиб авлодлари матнни инглиз тилида сўзлашувчи томонидан ўқилиши ва таҳрирланиши шарти билан таржиманинг нашр этилишини маъқулладилар. Ҳаёт Абдуллоҳни таржимон Марк Риз билан шундай таништирди.

Абдуллоҳ Рўзиев Марк Риз билан. Фото: Абдуллоҳ РўзиевАбдуллоҳ Рўзиев Марк Риз билан. Фото: Абдуллоҳ Рўзиев

2018 йилда Марк Риз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини таржима қилиш устида фаол ишлади. «Дунёнинг ишлари» таржимасини унга шоир Аъзам Обидов берган. Риз Рўзиевга ёрдам беришга рози бўлади, лекин у «Ўтган кунлар» билан банд бўлгани учун Абдуллоҳдан кутишни сўрайди.

«Таржима ҳам, ҳикояларнинг ўзи ҳам менда катта таассурот қолдирди. Мен Абдуллоҳни умидли таржимон сифатида кўрдим. Унга йўл кўрсатиб, халқаро аудитория билан боғлашим керак эди», — деди Марк Риз «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

Марк бир йилдан сўнг Рўзиевга хат ёзади.

«Мен ниҳоятда бахтли эдим. Марк ака ўзбек маданияти ва [ўзбек тилидан инглиз тилига] таржима бўйича катта тажрибага эга. Шубҳасиз, у ўз соҳасининг профессионали. Бизнинг биргаликдаги ишимиз шундай бошланди. У менга матн юзасидан саволлар берди ва унга аниқлик киритди. Марк ака таржимага адабий услубни киритиб, уни такомиллаштирди. У менга охирги вариантни таҳрир учун юборди. Унда Ўткир Ҳошимов берган асл маънони имкон қадар сақлаб қолганди. Умуман олганда, биргаликдаги ишимиз уч йил давом этди», — дейди Абдуллоҳ.

Ўткир Ҳошимовнинг услуби ҳар икки муаллифни ҳам ҳайратга солган. Улар буни аниқ етказишга ҳаракат қилишди. Бунинг учун Абдуллоҳ иборалар, фикрлар тафсилотларини ўтказиб юбормаслик учун дастлаб ҳикоялар таржимасини қўлда ёзган. Кейин қўлёзмани рақамли форматга ўтказган. Иш бир йил давом этади. Уй вазифалари ва имтиҳонларни давом эттириши кераклиги учун баъзан у уйқусидан воз кечишга мажбур бўлди.

дунёнинг ишлари, марк риз, ўзбек адабиёти

«Ўткир Ҳошимов қаҳрамонларнинг ҳис-туйғуларини, қувонч ва қайғули лаҳзаларини моҳирона тасвирлай биларди. У ўз қаҳрамонлари, жумладан, антагонистлар яшаган тарихий контекстни кўрсата оладиган ҳикоялар яратди. Бошқа ёзувчилардан фарқли ўлароқ, Ҳошимов одамлар қандай қилиб «ёмон одам» бўлиб қолишини кўрсатди. Ушбу ёндашув қаҳрамонларга нисбатан ҳамдардлик туйғусини уйғотади. Масалан, Далавойнинг «Дунёнинг ишлари»даги қўполлиги ундаги фарзандлар соғинчи ва оилавий бахтнинг йўқлиги билан изоҳланади. Умуман олганда, Ҳошимовнинг ҳикоялари одамларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотмайди. Аксинча, улар бизни ҳеч ким ёвуз бўлиб туғилмаслигини тушунишга ундайди. Баъзида шароит ва муҳит уларнинг танловига таъсир қилади. Ҳошимов асарларидан ўқувчи инсон табиатининг мураккаблиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиши мумкин», — деб тушунтиради Абдуллоҳ.

«Ҳошимов ўзининг очиқ, бой насрий услуби ва замонавийлиги билан ажралиб туради», — дейди Марк Риз. «Ёпиқроқ усулда ёзадиган Қодирийга нисбатан Ҳошимов очиқроқ ёзади. Бундан ташқари, шуни ёдда тутишимиз керакки, бу икки ёзувчи ўртасида бир эпоха фарқи бор, бу уларнинг услубига таъсир қилгани шубҳасиз. Бироқ ҳар иккала муаллифни ҳам ўзбек халқининг ўзига хослигини акс эттириш бирлаштиради. Жумладан, Ҳошимов уруш йилларида марказий осиёликлар кўрган қурбонликларни кўрсатади. Қайсидир даражада сиз аламни ўқий оласиз. У уруш аламли, аччиқ эканини кўрсатган. Хурсанд бўладиган ҳеч нарса йўқ. Одамлар фронтга кетиб, оилаларига қайтмаган. Одамларга бу жуда қимматга тушган», — дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Марк Риз.

Абдуллоҳ учун ҳам, Марк учун ҳам инглиз тилидаги таржимаси чуқур маънога эга. Биринчиси ўз ижодини онасига бағишласа, иккинчиси ўзбек адабиётига меҳрини етказишга ҳаракат қилган.

«Бир халқнинг руҳини бошқа тилда етказиш ўзига хос маҳоратдир. Шунинг учун бўлса керак, мен ўзимни сўфий ковбой деб биламан», — дея қўшимча қилди америкалик таржимон.

Ҳикояларнинг инглиз тилида нашр этилиши United Cement Group (UCG) нинг молиявий ёрдами билан амалга оширилди, дейди Марк Риз. Компания профессионал муҳаррирни ёллаш учун маблағ ажратди. Лекин Марк ҳам, Абдуллоҳ ҳам ҳомийдан моддий фойда олишмади. UCG шунингдек, Нью-Йоркдаги Grand Central 7 line метро бекати ўтиш жойларида электрон таблоларда реклама баннерларини жойлаштиришга ҳомийлик қилди.

дунёнинг ишлари, марк риз, ўзбек адабиёти

Баннерларни жойлаштиришни ташкил этган компаниянинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар ой ушбу метро бекатидан беш миллиондан етти миллионгача йўловчи фойдаланади. Ўзбек ёзувчиси қиссаси таржимаси 27 апрелга қадар намойиш этилади.

«Дунёнинг ишлари»нинг инглиз тилига таржимаси Amazon’да қаттиқ муқовада сотувда мавжуд.