Ижтимоий тармоқларда яқинда жиноий жавобгарликка тортилган дефектолог, логопед Дилором Жабборова «Овоз» номли марказ ташкил қилгани ҳақида хабар тарқалди.

Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганиб, муассаса унга тегишли эмаслигини аниқлади.

Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, Наманган шаҳри Янги Наманган туманида Жабборовага тегишли «Овоз» номли ҳеч қандай таълим муассаса қайд этилмаган. Мазкур ҳудудда сўнгги вақт мобайнида ҳам бундай турдаги ҳеч бир нодавлат таълим муассаса очилмаган, дейилади изоҳда.

Аниқланишича, «Овоз» МЧЖга тегишли «Овоз академияси ўқув маркази» Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган. Марказ Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманида ижара шаклида ўз фаолиятини бошлаган. Дилором Жабборова эса унинг очилиш маросимида ташкилотчилар томонидан реклама мақсадида таклиф этилган.

Эслатиб ўтамиз, аёлга 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Болалар омбудсмани хабарига кўра, тергов давомида Жабборованинг болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши тўхтатилган. У бундай хизмат кўрсатишни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилган.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Маълумот учун, Дилором Жабборованинг Instagram саҳифасида 538 минг обуначиси бор, YouTube`да эса уни 25 мингдан, Telegram`да 8 мингдан ортиқ киши кузатади.