12 апрель куни таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст 75 ёшга тўлди. Жамоатчилик уни 1970−1980 йиллардаги турғунлик даврининг маънавий, иқтисодий ва сиёсий таназзулидан ҳикоя қилувчи «Лолазор» (1988) романининг муаллифи сифатида яхши танийди. Унинг 1987 йилда ёзган «Дашту далаларда» ҳикояси эса бир қатор мунаққид ва ижодкорлар томонидан ХХ асрда ўзбек адабиётида ёзилган энг яхши ҳикоя дея эътироф ҳам этилади.

Мурод Муҳаммад Дўст нафақат ёзувчи, шу билан бирга давлат арбоби сифатида ҳам мамлакат тарихида ўзига хос из қолдирган. У турли йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) директори, «Ўзбеккино» миллий агентлиги раҳбари сифатида ишлаган, шунингдек, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг матбуот котиби сифатида хизмат кўрсатган. Бир қатор кузатувчилар Мурод Муҳаммад Дўст давлат раҳбарининг матбуот котиби бўлиб ишлаган даврни президент Каримовнинг ОАВга энг очиқ бўлган даври сифатида эътироф этади.

2024 йил январида Мурод Муҳаммад Дўст «Лолазор» подкастида меҳмон бўлди. Суҳбат давомида у биринчи президент ҳақидаги хотиралари билан ҳам бўлишди. «Газета.uz» бугунги сана муносабати билан ўша хотираларни матнлаштирди.

Каримов қандай одам эди?

Бу саволга бир сўз билан, осон жавоб бериш мушкул эканини тан олгани ҳолда, Мурод Муҳаммад Дўстнинг айтишича, Ислом Каримов «катта шахс эди», шу билан бирга «баъзи пайтларда шафқатсизларча қаттиққўл ҳам бўлган».

«Айни замонда уни оддий бир одамлардек хурсанд бўлган ёки бошига мусибат тушган пайтларда қайғурган ҳолатларини ҳам кўрганман. Ҳамма қатори одам [эди], у одамни гарданига тушган юк жуда оғир эди-да. Ўжар эди, сиёсатда ҳам кўпинча шу ўжарлиги қўл келарди. Кўпроқ Ўзбекистон манфаатларини ўйлаб, баъзи пайтларда душман орттиришдан ҳам қўрқмасди. [Исроил бош вазири Бенямин] Нетаняҳу билан биринчи учрашгани ёдимда. Бир-бирига ўта ғалати ва зиддиятли, худди душманга қарагандек қараган. Кейин иккаласи яқин бўлиб қолган. Агар Ислом аканинг қаршисидаги одам тепадан келса, унинг ҳам бирдан ўзбеклиги тутарди», — дейди ёзувчи.

Ёзувчи биринчи президентнинг ўзига хос характер эгаси, анчагина қайсар бўлганини ифодалаб бера оладиган бир воқеани ҳам ҳикоя қилиб берди.

«Фарғона прокурори устидан ўзимизнинг аппарат одамлари, вилоят ҳокимлиги ва бошқалар томонидан шикоятлар тушган. Кейин Ислом ака: „Ўша прокурорни текширинглар ва йўқотинглар“, деб топшириқ берди. Уни мутасадди одам текширди, кўрди ва бошқа қилди-да, ҳеч қандай чора кўрмади. Каримов кейин уни яна чақириб: „Нимага уни йўқотмадинг?“, деди. „Текширув давом этяпти, лекин биз ҳозирча ҳеч нарса тополмадик“, дея изоҳлади. „Сени қўлингдан ҳеч нарса келмайди, ҳеч нарса қилолмайсизлар“, деди Ислом ака. Орадан ярим йил ўтдими, бошқами, ўша пайтда бош прокурорнинг биринчи ўринбосари [тайинлаш керак] — номзод қилиб уни олиб киришади — ўтмайди, бунисини олиб киришади — ўтмайди. Шунда: „Одам топиш ҳам қўлингдан келмайди-да, а? Ҳаммасини ўзим қилишим керакми? Сақлаб қолганинг бор-ку, Фарғона [прокурори], ўшани олиб келиб қўй“, деган. Кейин ўша одамни олиб келиб қўйишди. Ҳозир у акамиз раҳматли бўлди — жуда ҳурматли, яхши ва ақлли одам эди. Анча вақт ишлади, кейин давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ҳам ишлади, менимча. Лекин шу одам қурбон бўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Топшириқ олган текширувчи саллани олиб кел деса, каллани олиб келиши ҳам мумкин эди-да. Лекин шу ишни қилмаган», — дейди у.

Каримов: «Ҳамма нарса ўзимизда бўлиши керак, ўзбек ўзи учун ўзи қайғуриши керак»

Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, Мурод Муҳаммад Дўстнинг қайд этишича, баъзи масалаларни, хусусан, «ён-атрофдаги мамлакатлардан, „орқадан“, „пастдан“ қилинган муносабатларни, ҳеч ким билмайдиган нарсаларни» ҳали ҳам очиқ айтиб бўлмайди.

«Мен сизларга шунчаки бир шаъма қилишим мумкин. Мисол учун, Ўзбекистонга қарши кайфиятда бўлган айрим террористик деб тан олинган ташкилотлар ҳам ўзидан ўзи пайдо бўлган эмас. Қайсидир бири қўшнимизнинг ҳудудида, қайсидир бири яна бир дўстимизнинг молиявий кўмагида ташкил қилинган. Буларнинг кўпини энди айтиб бўлмайди. Аммо Ислом ака шуларни кўрганида куюниб кетарди. Айтайлик, кўпинча толибларнинг снарядлари Термиз атрофига келиб портлаган пайтлари бир вагон снаряд ололмаганимизни эслаб, хафа бўларди. „Ўзимиз бўлишимиз керак, ҳамма нарса ўзимизда бўлиши керак, сен учун ҳеч ким қайғурмайди, ўзбек ўзи учун ўзи қайғуриши керак“, дерди», — дея хотирлайди ёзувчи.

«Баъзида мен уришиб қолардим. „Нима, сен сиёсатни тозагина қўл билан [юритмоқчи бўласанми?]“ дерди. „Ҳеч бўлмаса нисбатан тоза қўл билан сиёсат қилиш керак“, дер эдим. [Каримов] уришарди, лекин баъзи пайтда шу гапга ҳам кўнарди. Сиёсатда барибир дўст бўлмайди-да. Сиёсатда иттифоқчи ҳам бўлмайди. Бугун иттифоқчи, эртага у хизматини ўтаб бўлганидан кейин, уни чеккага чиқариб, бошқа бир мақсадга хизмат қиладиган иттифоқчини топишга тўғри келиб қолади», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Америкалик разведкачи Каримовни огоҳлантиргани ҳақида

Подкастдаги суҳбат давомида Мурод Муҳаммад Дўст америкалик разведкачи Грэм Фуллер билан боғлиқ ҳақида ҳам гапириб берди.

«Америкада Rand Corporation деган ташкилот бор, Марказий разведка бошқармасининг бир филиалидек гап. У ерда олимлар ва бошқалар ишлайди, Иккинчи Жаҳон уруши пайти уёққа ўтиб кетган ўзимизнинг генерал Рўзи Назар ҳам [ишлаган]. [Бир вақт у ерда ишлайдиган] Грэм Фуллер деган профессионал разведкачи Ўзбекистонга келди. У Афғонистонда кўп вақт юрган, уларни тилини биларди, ўзбекча ҳам гапира оларди. [Ўзбекистонга] келиб, Каримов билан учрашиб, унга айтди: „Бизнинг [маълумотлар бўйича], Ўзбекистонда портлаш бўлади“. Ислом ака: „Йўқ, бизда портлаш бўлмайди“, деди. Бу 1992 йиллардан аввалги учрашув эди, адашмасам… У „бўлади“, деди, бу „бўлмайди“, деди. Хуллас, ўша портлаш бўлди, лекин Тожикистонда бўлди. У бекорга айтмаган эди. Кейин Ислом ака: „Анави ошнангни чақиргин, кўрсин — бизда бўлмади-ку“, деди. „Сиз ундан эшитгандан кейин мана буёқда бу мурватни беркитдингиз, уёқда у мурватни беркитдингиз“, дедим, имкон қолдирмаган эди-да. Лекин [портлаш бизда] бўлиши мумкин эди. Ўша пайтда ичкаридан нимадир қилаётганлар бор эди», — дея эслайди ёзувчи.

Қўриқчисиз бозорга борадиган президент…

Президентлигининг дастлабки йилларида Ислом Каримов бир ўзи бозорларга борган, матбуот анжмунларида унга олдиндан тайёрланмаган, эркин саволлар берилган, аммо орадан вақт ўтиб, Мурод Муҳаммад Дўстнинг қайд этишича, президентнинг атрофида девор (изоляция) пайдо бўлган.

«Бошида [Ислом акани] олдига Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа вазирликлари ва давлат хавфсизлиги раҳбарлари, баъзи пайтларда газеталарнинг муҳаррирлари кирарди, аммо муҳаррирларни камдан-кам чақирарди. Матбуот анжуманлари бўлганида эркин саволлар бериларди. Биринчи йилларда Ислом ака қўриқчилардан қочиб, ўзи Олой бозорларига бориб келарди. Вақт ўтиб, атрофида изоляция пайдо бўлган», — дейди адиб.

«Одамзот бир жойда кўп ўтириб қолганидан кейин нуқул яхши гап эшитгиси, хурсанд бўлгиси келади-да. Шундан кейин хунукроқ ахборотларни ундан яшира бошлашади. Масалан, газеталарда салгина танқидийроқ материал чиққан бўлса, ўша сони олиб қўйилар, [президентнинг ёнига киритилмас эди]. „Фалон газета қани?“ деб сўраса, бугун чиқмади дейиларди. Ёдингизда борми, Маркеснинг асарида президентнинг бир ўзи учун газета бир нусхада чиқарилади-ку… Ўша вақтда президентдан ахборотни яшириш бор эди. Ахборот манбалари кўп бўлиши керак, битта-иккита билан иш битмайди. Кейин халқнинг ичидаги ва ичкаридаги ахборотдан, албатта, хабардор бўлиш керак. Ичкаридаги [асл] ахборот билан [масъул шахсларга] етиб борадиган ахборот ўртасида жуда катта фарқ бор», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Ахборотлар қандай яширилгани ёки қайта ишлангани ҳақида ёзувчи бир воқеани ҳам эслаб, айтиб берган.

«Бир куни турмадан 14 метрли чох қазиб, уч-тўртта маҳкум қочиб кетди. Ислом акага шуни: „7 метр чох қазилган“, деб ахборот киритишди. Кейин мен ахборот киритган одамдан бунинг сабабини сўрадим. У бўлса: „14 метр бўлгунича қараб ўтирдиларингми“, дейди, 7 метр деб берилса, яхши бўлади, деб ўйладим», дея жавоб қайтарди. Мен «Турмадан барибир қочишган бўлса, нима фарқи бор?», дедим. Хавф-хатарнинг ҳам, бошқасининг ҳам метрини, градусини, граммини камайтиришарди. Саид Аҳмад акани бир ҳазили бўларди. Тошкентда зилзила бўлган пайтда балини камайтириб айтишарди-да. Саид Аҳмад ака раҳматли: «Хайрон қоласан, шу балимиздан ҳам уриб қолади-я», дерди. Бу ахборотни тўғри киритмасликдан — фильтр қилинарди", — дейди у.

Ислом Каримовнинг энг катта хатоси

Ўзбекистонда миллий валюта — сўм муомалага киритилганидан кўп ўтмай, 1996 йилда валюта конвертацияси чекланди. Бу чекловлар кейинчалик кучайиб, фақат 2017 йилга келибгина бекор бўлди. Мурод Муҳаммад Дўстнинг фикрича, конвертациянинг чекланиши мамлакатдаги «бир ҳовуч одамлар»нинг бой бўлишига хизмат қилди, холос.

«Конвертация масаласи 1994 йилда бошланди. Ўзбекистоннинг ҳам, Ислом аканинг ҳам энг катта хатоси шу ерда бўлган. Ислом акага: „Валюта [четга] чиқиб кетади, ерда ўтириб қоламиз“, дейишарди. Лекин бирортаси „Ислом ака, бу ўзбек нонни қулоғига емайди, оғзига ейди. Валютасини олиб чиқса, унинг ўрнига бирор нарса олиб келади. Керак бўлса, яна олиб чиқиб сотади“, демаган. Хуллас, валютани назорат қила бошлашди. Кейин конвертация деган нарса чиқди. Ўша одамлар учун конвертация ўйлаб топилди. Бўлмаса, агар ўша туришимизда кетганимизда, иқтисодиёт либераллашиб бораверганида, [ҳозир ҳаммаси бошқача бўларди]. [Ўша пайтда иқтисодиётда] старт позициямиз Қозоғистонникидан яхши эди. Ўшанда [Ислом аканинг] атрофида 100 та оила бой бўлиб олди, миллиардерлар ва бошқалар пайдо бўлди. Шу жуда катта хато бўлди. Валюта назорати бир ҳовуч одамлар қўлида бўлди, валютада тўртта курс пайдо бўлди. Биз валюта алмаштиришга кучи етадиган одамларни бойитдик. [Ислом ака] ҳам менимча буни биларди. Чунки у одам барибир иқтисодчи эди. Лекин имкони бўлмаганми, билмадим… Мана, конвертацияни қайтадан очганимизга неча йил бўлди? 2017 йилда эди. Ўшандан бери ҳалигача ишонгим келмайди, ҳар гал хурсанд бўлиб қўяман», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Каримов тантаналарни қандай нишонларди?

Ислом Каримов Мустақилликнинг дастлабки йиллари ўз туғилган кунларини, хизмат сафари билан ҳар йили Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумига боргани учун, Швейцарияга нишонлаган.

«[Ислом аканинг туғилган кунини] тўрт-беш марта Швейцарияда — Давосда нишонлаганмиз. Нетаняҳу билан ҳам ўша ерда учрашган. Туғилган кунида оддийгина стол тайёрланиб, дастурхонга овқатлар [тортиларди], „сухой“ вино [ҳам бўларди]. Ислом аканинг ичимлигини [назорат қилувчи шахс] доим қўлида олиб юрарди. Бирор жойга қўйса ҳам ўша ердан кўзини узмасди, хавфсизлик нуқтаи назаридан. Кейин, бир-икки марта [Тошкентда] ҳам нишонланган. Лекин уйида қандай нишонлаганини билмайман. Туғилган кунида олдига кириб, гулга ўхшаган нарса бериларди. [Амалдорлар] унга совға беришга қўрқарди. Ислом ака ҳам баъзида бошқаларни туғилган кунидан хабар топса, хонасига кириб табрикларди», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Таниқли ижодкорнинг сўзларига кўра, Каримов амалдорларнинг ўзаро қуда бўлишини ёмон кўрган.

«Бир куни биттаси тўйга таклифнома олиб кирибди. Сал олдинроқ унинг қудаси ҳам [таклифнома] олиб келган экан. Ислом ака: „Кўрмайсанми буларни, бунисининг пули, унисининг эса қўлида кучи бор. Эртага бирортасида муаммо бўлса, буниси ўғлини ёки униси қизини қўйиб юборади“, деганди. Лекин улар бир-бирини қўйиб юбормади. Сабаби — чамбарчас боғланиб кетишди. Ислом ака катталарнинг бир-бири билан қуда бўлишини ёмон кўрарди. Уларнинг нима мақсадда қуда бўлаётгани тушунарли-ку», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Каримов — «бош режиссёр»

2007 йилда Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси асосида «18-квадрат» фильми суратга олинган. Ёзувчининг ёдга олишича, Ислом Каримов фильмнинг дастлабки версиясини кўриб чиққач, 24 банддан иборат тузатишлар рўйхатини тақдим этган.

«Масалан, фильм қаҳрамони бўлган милиционер йигитни террорчи аёл „Акажон, мени қутқаринг!“ деб келиб, қучоқлаганидан кейин портлаб кетадиган саҳна бор эди. Ислом ака ўша жойини олдиртириб ташлаган. Сабабини сўрасам, „Ёмон намуна юқумли“, деган. Бундан ташқари, она образи ва дуо бўлиши керак, деган фикр берган, буни киритганмиз», — дея эслайди ёзувчи.

«Фильмда ДАН ходимининг устидан кулинадиган жойлар бор эди. Раҳматли Обид Асомов ДАН ходими ролини ҳам ўйнаган эди. „Шундоқ ҳам буларнинг устидан ҳамма кулади, қўйинглар энди — сизлар ҳам кулманглар“, деган (кулади). Биз Ислом акани „бош режиссёр“ дердик. Эринмаган одам-да, фильмга аралашиб, 24 пунктдан иборат тузатиш берган — ғалати-да бу», — дейди у.

ислом каримов, мурод муҳаммад дўст, хотиралар, лолазор

Мурод Муҳаммад Дўст: «Мен унинг ҳамма гуноҳларига шерикман»

Ислом Каримов ўз хатоларини тан олишга мойил бўлган, аммо, Мурод Муҳаммад Дўстнинг таъкидлашича, президентга хатоларини айтадиган одам бўлмаган.

«Баъзи пайтларда Ислом ака „Нега менга ҳеч ким гап қайтармайди, мен ҳам хато қиламан-ку?! Нега ҳеч ким сен нотўғри гапиряпсан, деб айтмайди“, дерди. У ўзининг хатоларини тан олишга мойил эди. Лекин унинг хатосини айтадиган одам йўқ эди-да. Бир куни Ислом ака ҳазиллашиб: „Сен мен ҳақимда қачон ёзасан?“, деди. „Ислом ака, сиз ҳақингизда кетганингиздан кейин ёзаман. Бугун мақтаётганларнинг ҳаммаси ўшанда сизни сўкади, мен эса тўғри гапларни ёзаман, қандай кўрган бўлсам, шундай ёзаман“, дедим. Бу гапим унга ёқмади. Балки гапларимни „Бу дунёдан ўтганингиздан кейин“, деб тушундими, билмадим. Лекин мен [Ислом Каримов] ҳақида ҳали ёзганим йўқ. У ҳақида ўзимнинг қарашларим бор. Хатоларини ҳам, яхши фазилатларини ҳам биламан. Баъзан „Сизлар тўғри айтган экансизлар“, деган пайтлари бўлган. Масалан, гап қайтарсангиз, икки-уч кун аразлаб, телефон қилмасдан, гаплашмай қўярди. Кейин „Сизларни айтганларинг бўла қолсин, майли билганингни қил“, деб қўярди. У ҳам тан олгани бўларди. Тўғри гап бор, лекин ҳақиқатни айтадиган одам йўқ. Шунинг учун ҳақиқат оёқнинг остида қолиб кетади-да», — дейди ёзувчи.

Мурод Муҳаммад Дўст ўз вақтида Каримовнинг шахсига ва у билан бирга Ўзбекистоннинг келажагига қаттиқ ишонганини таъкидларкан, жумладан, шундай деди: «Илгари ҳам айтганман, мен хоҳлайманми, хоҳламайманми, яхшими, ёмонми, масалан, унинг ҳамма гуноҳларига шерикман, ёнида бўлганман-ку. Ўзимни оқламоқчи эмасман. Балки мен бирор ёмон ишда қатнашмаган бўлишим мумкин, лекин мен — шерикман. Аммо биз унга жуда қаттиқ ишонганмиз. Унинг шахсига, Ўзбекистоннинг келажагига ва бошқасига нисбатан кўнгилда ишонч бор эди. Бўлмаса, менга пишириб қўйибдими у ерга бориб ишлашни? Кўнгилда бир нимадир бор эди-да, яхши ишлар қиламиз, деб ўйлаган нарсалар бор эди».