Жиззах вилояти Зомин туманида мактаб ўқитувчиси 7-синф ўқувчисини ургани аниқланди, деб хабар бермоқда болалар омбудсмани офиси.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Зомин туманида яшовчи Д.М.дан мурожаат келган. У 26 декабрь куни вояга етмаган фарзанди О.Т.нинг (ўғил бола) юзига мактабдаги ўқитувчиси С.М. бир неча бор тарсаки уриб, уни номақбул сўзлар билан ҳақорат қилганини билдирган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида мактабгача ва мактаб таълим вазири мазкур ҳолатни атрофлича ўрганди. Натижада мазкур умумий ўрта таълим мактаби директорининг буйруғига асосан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, дейилади хабарда.

Шунингдек, 23 январь куни жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судида ўқитувчи МЖТКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 20 баравари (6,8 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси белгиланган.

«Таълим муассасаларида болаларга нисбатан номақбул муомала ва зўравонлик ҳолатлари жавобсиз қолиши мумкин эмас», — дея таъкидлади болалар омбудсмани.