Шавкат Мирзиёев 10 апрель — Рамазон ҳайити байрами муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

«Аввало, муқаддас динимиз буюрган ибодат ва амалларни муборак Рамазон ойида чин дилдан, ихлос билан адо этиб, бугун ҳайит айёмини катта шод-у хуррамлик билан кутиб олаётган сиз, азизларни, юртимиздаги жамики мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман», — деди президент.

У ислом тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини эслатиб, муқаддас китобларда «Тинчлик-омонлик, ўзаро дўстлик ва аҳилликка интилиб яшаш — чин мўминга хос фазилатдир», дея таъкидланганини билдирди.

Давлат раҳбарининг ёзишича, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ислом динининг асл моҳияти, унинг олижаноб ғоя ва тушунчалари билан уйғун ҳисобланади.

«Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу ойда диёримиз мусулмонлари диний амалларни эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди. Беморлар, ногирон ва кекса инсонлар, кам таъминланган оилалар, эҳтиёжманд қатламларга меҳр ва эътибор янада кучайди. Буни биргина мисол, яъни кўмакка муҳтож инсонлар учун 20 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилиб, маҳалла ва хайрия ташкилотлари томонидан барча ҳудудларимизда ифторлик ва эҳсон маросимлари ўтказилгани ҳам тасдиқлайди», — дея таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, Янги Ўзбекистонда барча миллат ва конфессия вакиллари учун виждон эркинлигини таъминлаш, уларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

«Жумладан, янги масжидлар барпо этилмоқда, улуғ алломалар, азиз-авлиёларимизнинг қадамжолари обод қилинмоқда, миллий ва диний қадриятларимиз тикланмоқда. Муборак Ҳаж ва Умра зиёратлари учун кенг имкониятлар очилмоқда», — деди президент.

Давлат раҳбари бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилишини айтди. «Бунинг учун ҳозир дунёда юзага келган ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда диёримиздаги тинч ва осойишта ҳаётни кўз қорачиғидек асраб, янада ҳамжиҳат бўлиб, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш зарурлигини, ўйлайманки, барчамиз яхши англаймиз», — қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев «ёшларимизни азалий қадриятларимиз билан бирга замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, Ватан тупроғини кўзига тўтиё қилиб яшайдиган инсонлар этиб тарбиялаш» асосий бурч эканини билдирди. У таълим масканлари ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарбиявий ишларни кучайтириш кераклигини айтди.

«Қалбларимиз қувончга тўлган мана шу мўътабар айёмда сизларни муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-у саодат, хонадонларингизга файз-у барака тилайман», — дея якунлади давлат раҳбари ўз табрикномасини.