Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған 9 апрель куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Рамазон ҳайити билан бир-бирини табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркия халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади», — дейилади хабарда.

Мулоқотда икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, икки томонлама ўзаро «манфаатли ҳамкорлик жадал тус олгани, фаол сиёсий мулоқот олиб борилаётгани, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, самарали маданий-гуманитар алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан» қайд этилди.

Президентлар етакчи корхона ва компанияларнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Президентлар минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашди.

Шавкат Мирзиёев номига бошқа хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат ва дин арбобларидан табрикномалар келишда давом этмоқда, деб ёзди президент матбуот хизмати. Рўйхат билан ушбу линк орқали танишиш мумкин.