Амир Темур таваллуд топган кун — 9 апрель куни ва шу кун арафасида деярли барча оммавий ахборот воситаларида буюк саркарда ҳаёти ва фаолиятига бағишланган материаллар эълон қилиниши анъана тусига кирган. 2024 йил ҳам бу борада истисно бўлгани йўқ. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари муассислигидаги газеталарда Амир Темур ва умуман темурийларга бағишланган қатор мақолалар эълон қилинди.

Улар орасида аввал эълон қилинган материалларнинг кўчирмалари ҳам, изланувчилар аниқлаган янгиликлар баён қилинган янги мақолалар ҳам бор. Уларда Амир Темур коррупцияга қарши қандай курашгани, унинг солиқ сиёсати қандай бўлгани, ҳарбий юришлар олдидан аскарларга қандай мотивация бергани, ҳозирги замон тилида блогерлар деб аташ мумкин бўлган шахсларга қанчалик катта масъулият юклагани ва бошқалар баён қилинган. «Газета.uz» ушбу материаллардан олинган парчалар асосида дайжест тайёрлади.

Амир Темурнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси мустақил изланувчиси Давлат Облақуловнинг «Инсон ва қонун» газетаси 2024 йил 9 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Темурийлар даврида биз бугунги кунда «коррупция» ва «порахўрлик» деб атайдиган иллатнинг ҳар қандай кўри­нишлари қораланган. Унга қарши курашилган ва унинг учун жавобгарлик белгиланган. Хўш, Амир Темурнинг марказлашган давлатида коррупция ва порахўрликка қарши курашиш сиёсати қандай бўлган?

Давлат маблағини ва давлатга тегишли отларни талон-торож қилган қатор юқори мартабали амалдорлар, фирибгар ва муттаҳамлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиб, уларга нисбатан жиноий жазо тайинланган. Айни вақтда Амир Темур қонуний ишлаган тадбиркорларни ҳимоя қилган…

Юқоридаги мисолларни биз испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг «Кундалиги»даги қайдларда ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, Клавихо Амир Темур Самарқанд салтанатида бошлиқ ҳисобланган дина, яъни доруғани — бош вазирни Темур сафардалигида унинг ишончидан фойдаланиб, ўз лавозимини суиистеъмол қилгани учун (масжид қуришда талон-торожликка йўл қўйган, мансабига совуққонлик билан қараган) мол-мулки мусодара қилиниб, унга нисбатан ўлим жазоси қўлланилганини қайд этади.

Бундан ташқари, Клавихонинг кундалигида доруғанинг гуноҳидан 400 кумуш танга эвазига кечишни сўраган подшоҳ аъёнларидан бири ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинганлиги келтирилади…

Амир Темур давлатда қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахснинг жавобгарликка тортилиши шартлигини, яъни жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини жорий қилган. Давлатда судларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаган ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлган. Клавихонинг ёзишича, пора таклиф қилган шахс ҳам тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортилган…

Соҳибқирон ўтказган қабуллардан бири тўғрисидаги маълумотлар бугунги давримизгача сақланиб қолган. Унда ёзилишича, оддий деҳқонлардан бир гуруҳи мироблар ишидан норози бўлган. Негаки, мироблар ариқларни тўсиб, ким пора берса, шунга сув очиб берган, порасиз ҳеч кимга сув бермай қўйган. Амир Темур бу қинғирликни одам ўлдириш каби оғир жиноят билан тенг, деб ҳисоблаган. Шу сабаб, бу оғир жиноятни кўриб чиқишда холис кишиларни — саййидларни чақириб, улар билан маслаҳатлашган. Улар иштирокида ўз нафсига қул бўлган миробларга одил ҳукм чиқариб, айбдорларни Зарафшон дарёсига ташлаб юборишга фармон берган экан…

Умуман олганда, «Темур тузуклари»дан англашиладики, давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорлик муҳим бўлган. Жиноятларнинг содир этилгани ва адолатли жазолар қўлланилаётгани ҳақида хабаргирлар салтанатнинг энг чекка ерларидан ҳам муттасил ёзма равишда хабар бериб туриши шарт эди. Агар хабаргир бирор сипоҳий ёки амалдорнинг хизматини яширса ёхуд ёлғон хабар ёзса, қилмиши исботлангач, унинг қўллари кесилган. Воқеаларни атайлаб ёзмасалар, хабаргирларнинг бармоқлари кесилган. Агарда хабарчилар ёлғон хабарни туҳмат ёки ғараз билан ёзган бўлса, қатл этилган. Хабарлар кунма-кун, ҳафтама-ҳафта ойма-ой Амир Темурга етказиб турилган. Хабарнавислар ҳар бир сарҳад, вилоят ва лашкарларда тайин қилинган ҳамда улардан ростлик-тўғрилик талаб қилинган.

Солиқ сиёсати қатъий тартибга солинган. Халқдан қўшимча ёки бекор қилинган солиқларни йиғиш тақиқланган. Тўланган солиқ миқдорлари ёзиб борилган. Ғазна маблағларини суиистеъмол қилиш ёки қисман ўзлаштириш ҳолатларида молия вазирига алоҳида санкциялар қўлланган.

Амир Темур қатъий чораларни йирик мансабдорларга нисбатан ҳам қўллаган. Мансабдорлар томонидан жиноятларга жазо тайинлаш алоҳида назоратга олинган. Давлат амалдорларининг суиистеъмолчилиги ва порахўрлиги энг хавфли жиноят ҳисобланган. Мансаб кишилари қилган ножоиз иши учун, мансабидан қатъи назар, қонун олдида жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар учун ҳатто ўлим жазоси қўлланилган.

Буюк ибрат

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ашурали Боймуроднинг «Янги Ўзбекистон» газетаси 2024 йил 5 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

«Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайяфиятини, турмушларини, халқ-атворларини, қилиш-қилмишларини, булар ўртасидаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриш учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар белгиладим».

Соҳибқирон бобомизнинг юқоридаги сўзлари айнан бугунги кунимизга, маънавий-маърифий ишларга жуда мосдек, узоқни кўриб фикр қилгандек туюлади. Бобомиз уқтирганидек, айнан ҳозир тўғри сўзли, тўғри қаламли кишилар жуда зарур.

«Қаерда тартиб ва қонун ўрнатилган бўлса, мен ўша ердаман»

Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказининг катта ўқитувчиси Т.Маматов ва СамДТУ фтизиатрия кафедраси ўқитувчиси Н.Маматова номидан «Зарафшон» газетаси 2024 йил 6 апрель сонида эълон қилинган мақоладан парчалар

Соҳибқирон адолатли бўлгани учун унга мусул­монлардан ташқари насронийлар, зардуштийлар, будда­вий ва бошқа динларга мансуб кишилар ҳам садоқат билан хизмат қилганлигини Ибн Арабшоҳ ўз асарида баён этган. Амир Темур давлат бошқарувида адолат чегарасидан чиқиб кетмаслик учун ёнига иймонли икки нафар вазир тайинлаган ҳамда уларга қарор қа­бул қилишида фикрларини билдириш ваколатини берган. Улар Маҳмуд Шаҳоб Хуросоний ва Носириддин Маҳмуд ал­-Аромий эди.

Иккала вазир доим Темур ёнида бўлиб, унинг қабул қилган қарорларини ва ҳаракатларини назорат қилган. Агар Амир Темурнинг қарори ёки ҳукмида вазирлари­дан бирортаси адолатсизлик аломатларини кўрса, дарҳол қандай адолатсизлик борлигини айтган. Балки шунинг учун ҳам Амир Темур тузган улкан салтанатда бошқа динга ва бошқа элатга мансуб бўлган халқлар томонидан унга қарши исён кўтарилмаган.

Соҳибқироннинг солиқ сиёсати бугун ҳам нафақат юртимиз, балки дунё молия амалиётида кенг қўлланади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Баҳодир Исроиловнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси 2024 йил 6 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

XIV асрда Амир Темур салтанат тепасига келгач, солиқ тизимида ҳам кенг ислоҳотлар ўтказилди. Ушбу даврда аҳолидан ер (хирож, мол), жон боши (жузъя), миниладиган ҳайвонлар етказиб бериш (улоқ), бегор мажбуриятлари ҳамда фавқулоддаги (авариозот) каби солиқлар ундирилган. Бинобарин, Соҳибқирон молия ва солиқ қонунларини ишлаб чиқишда ўзидан олдинги ҳукмдорлар, замондошлари тажрибаси ҳамда бошқа мамлакатлар солиқ тизимининг ижобий жиҳатларидан кенг фойдаланган. Бу, ўз навбатида, дунёда нафақат солиққа тортиш ва солиқ маъмуриятчилиги амалиёти, балки уларнинг назарияси ривожига ҳам катта хизмат қилган.

Салтанатда бошқа мамлакатлардан фарқли равишда солиқларни ҳисоблаб чиқиш қоидалари ҳам жорий этилган. Масалан, агар деҳқон доимий ариқлар, сув қувурлари ёки оқимлар билан суғориладиган ерларга эга бўлса ва ана шу сув узлуксиз оқиб турсагина, мазкур ерлардан олинадиган даромад уч қисмга тақсимланган. Яъни, бунда учдан икки қисми ер эгасига қолган, бир қисми эса солиқ сифатида олинган. Агар ер фақат ёмғир суви билан суғорилса, икки қисмга тақсимланган, улардан ҳосилнинг учдан бир қисми ёки чораги солиқ сифатида олинган.

Мазкур тартиб ҳозирги кунда дунё молия амалиётида қўлланиб келаётган ерларни балл бонитети бўйича солиққа тортишнинг назарий асоси ҳисобланади. Демак, айни пайтда солиқ қонунчилигида қўлланилаётган ер солиғи балл бонитетлари айнан Амир Темур ҳукмронлиги давридан бошланган ва солиқлар ставкасини ернинг унумдорлик даражасига қараб табақалаштириш сиёсати жорий этилган.

Ўша даврда янги ер ўзлаштириш ҳам давлат томонидан рағбатлантирилган. Бўз ерга ишлов берган ва уни суғорган, унга кўчат эккан ёки қаровсиз ерларни ўзлаштирган деҳқон биринчи йили солиқдан озод қилинган, иккинчи йили ўзи қанча хоҳласа, шунча солиқ тўлаш ҳуқуқи берилган. Ушбу масала «Темур тузуклари»да солиқларни ҳисоблаш ва ундириш тўғрисидаги тартибда: «Кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили эса (олиқ- солиқ) қонун қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар», деган ҳуқуқий меъёр белгилаб қўйилган.

Соҳибқироннинг солиқ сиёсатидаги ушбу тартиб бугунги Ўзбекистон солиқ қонунчилигида ҳам ўз аксини замонавий асосда топгани кузатилади. Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 428-моддаси талабига кўра:

  • қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида;
  • мелиорация ишлари амалга оширилаётган мавжуд суғориладиган ерлар — ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ишлар бошланганидан эътиборан беш йил муддатга;
  • янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, беш йил муддатга ер солиғидан озод этилади…

Бундай адолатли солиқ сиёсати фуқаролар манфаатига тўла мос тушгани кўпгина манба ва адабиётларда ўз ифодасини топган. Хусусан, Д.Логофетнинг «Бухоро тоғликлари ва текисликларида» асарида Амур Темурнинг солиқ сиёсати тўғрисида қуйидагилар баён этилади: «Унинг ҳокимиятида фуқароларга адолат билан муносабатда бўлишади… Биз ҳозир зўр бериб интилаётган даромад солиғи деган нарса унинг ҳокимиятида ўшандаёқ мавжуд эди».

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Одил Олимжоновнинг эътироф этишича, «Европадаги энг йирик ва нуфузли давлатларнинг қироллари буюк Темур билан яқинлашишга ҳаракат қила бошлади. Масалан, Англия қироли Генрих IV Темурни улкан ғалабалари билан қутлаб, унга хат йўллади. Карл VI „Буюк ғолиб ва шонли князь Тимурга“, деб мақтов хати юборди. Генуяликлар бобомизга ёқиш учун Константинополь ёнида Темурнинг байроғини кўтариб қўйди. Греция ҳукмдори Мануэль ҳарбий ёрдам сўради. Кастилия қироли Дон Генрих эса Руи де Гонсалес Клавихони Самарқандга элчи қилиб жўнатди».

Қиссадан ҳисса шуки, Ғарб солиқчиларининг «бобоси» саналган Уильям Петти «Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги рисола»сини 1662 йилда, Адам Смит «Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот»ини 1776 йилда, Давид Рикардо «Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари» асарини 1817 йилда нашр эттирган. Олимларимиз қайд этганидек, улар ўзларининг машҳур илмий ишларини чоп этган пайтда Буюк Темурни Европа аллақачон таниб улгурган, «Темур тузуклари»ни яхши билар эди…

Соҳибқирон сўнгги юриш арафасида нимадан ранжиган эди?

Фурқат Эргашевнинг «Ватанпарвар» газетаси 2024 йил 5 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо узоқ ва машаққатли йўл юриб соҳибқирон Амир Темур ҳузурига етиб келганда, унинг каби Осиё ва Европа мамлакатларидан келган элчилар ҳукмдорнинг қабулига мунтазир эди. Жумладан, Хитой элчилари ҳам.

Бир неча муддатдан сўнг уларни қабул қилган Темур испан элчилари билан суҳбатлашиб, теваракда турганларга:

— Кўриб қўйинг, уларни элчи қилиб менинг ўғлим — Испаниянинг қироли юборган ва у дунёнинг нариги чеккасидан фаранглар подшоҳлари ичида биринчи подшоҳлардандир. Улар ҳақиқатан ҳам буюк халқдир, мен ўғлим — Испания қиролини қўллаб-қувватлайман. Сизларни совға-саломсиз, номанинг ўзи билан юборса ҳам бўларди. Мен унинг соғлиғининг, ишларининг қай аҳволда эканини билсам, шунинг ўзи менга қувонч бағишлар эди, — дейди.

Расмий қабулдан кейин испанларни соҳибқироннинг ўнг томонидаги юқори жойга ўтқазадилар. Хизматдаги мирзолар уларга хитойлик элчидан пастроқ ўринни кўрсатади. Шунда соҳибқирон алоҳида таъкидлаб, испан элчиларини тепароққа ўтқазиб, Хитой элчисини улардан пастроққа ўтқазишни буюради. Ҳукмдорнинг амри вожиб. Мирзолар уларнинг жойларини ўзгартириб, Хитой элчиларига бу тартибни соҳибқироннинг ўзи айтганини ва бундан буён доим шундай мавқеда ўтиришларини айтади. «Хитой элчисига қандай ғаразли ниятда келганини билдириб, керак бўлса осишлари мумкин эканини ҳам тушунтириб қўйди», дейди Клавихо ва Темурнинг меҳмондорчилигини мароқ билан ҳикоя қилади.

Шу ўринда савол туғилади. Соҳибқирон нимадан ранжиган эди? Бир неча мамлакат элчилари қатнашаётган улуғвор бир қабулда чинликларга нега бунчалар очиқ танбеҳ ва таҳдид?

Хитой тарихчиси Ванг Чжилай ўз асарида: «Атрофга қилган ҳарбий юришлар ғалаба билан якунлангандан сўнг Темур кучайиб кетди. Шундан кейин у Мин сулоласига итоат қилишдан ва Хитой (Чжунггуо)га солиқ (гунгфу) тўлашдан бош тортди, шу билан бирга Хитой элчиларини олиб қолиб, қайтишга рухсат бермади», дейди. Иккинчи бир жойда «юқорида айтиб ўтилганидек, Темур кўп марта Мин саройига солиқ тўловчи элчилар (гунгши) юборди. Уларнинг айримлари солиқ олиб келиш ва савдо қилиш билан чекланди, айримлари (Хитойдаги) вазиятни ўрганиш ва маълумот тўплаш билан шуғулланди», деб ёзади.

Аслида, Темурнинг элчилар юборишидан мақсади солиқ тўлаш эмас, балки икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини яхши йўлга қўйиш эди. Чунки у Европа қиролларига ёзган хатида шундай деган эди: «Дунёни савдогарлар обод қилади, сиз томондан савдогарлар келса, биз уларнинг тинчлигини, хотиржамлигини кафолатлаймиз, улардан ҳеч қандай солиқ олмаймиз, биздан борган савдогарлардан сизлар ҳам солиқ олманглар».

Самарқанд ҳукмдори

ЖДПУ чет тиллар факультети катта ўқитувчиси Фотима Абдуллаеванинг «Жиззах ҳақиқати» газетаси 2024 йил 9 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Америка адабиёти вакили Роберт Ҳоварднинг Амир Темур шахсига бағишланган «Самарқанд ҳукмдори» асари Соҳибқироннинг улкан салтанат барпо этишдаги саъй-ҳаракатлари, юксак ҳарбий ва инсоний хислатлари, яратувчанлик фаолияти ҳақида ишонарли ва тўлиб-тошиб ҳикоя қилади…

Асарда султон Боязидга қарши жанг ва амирнинг Хитойга юриши режалари ҳам баён этилган. Аммо асосий эътибор Соҳибқироннинг яратувчанлик ишларига қаратилади… Бир парчада Самарқанд бозори жаҳон бозорига айлангани қуйидагича ифодаланади:

«Бу ерда ёввойи араблар, безовта сурияликлар, семиз лаганбардор яҳудийлар, салла ўраган ҳиндийлар, тўлиққан форслар, эски увада кийса-да қаддини ғоз тутган шубҳали афғонлар, яна бир қанча нотаниш миллат вакиллари, Узоқ Шарқдан ва сирли шимолдан етиб келганлар — бақувват, калта бўйли бепарво мўғуллар, ипак кийимли кўзи қисиқ хитойлар, баланд бўйли жанжалкаш уйғурлар, юзи юмалоқ қипчоқлар, кўзи кичик қирғизлар, ҳатто Ғарбда умуман номаълум бўлган турли ирқ вакиллари жамулжам эдилар. Бутун Шарқ мамлакатлари Самарқанд дарвозасига қараб талпинар эди…».

Амир Темур қабулида бўлган рицар Доналд Мак Диза у билан бир сафда жангга кириб, қатор жангларда иштирок этади. У Соҳибқироннинг жасорати ва улуғ саркардалигига ишора қилиб: «Дарёлар тоққа қараб оқсагина Темур ортга чекиниши мумкин», дейди.

Наполеон жанг санъатини Амир Темурдан ўрганган

Наманган давлат университети ўзбек адабиётшунослиги кафедраси ўқитувчиси Комилжон Файзиевнинг «Наманган ҳақиқати» газетаси 2024 йил 6 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар (ушбу парча аслида Абдулла Орипов ва Қулман Очил ўртасида 1996 йилда бўлган суҳбатдан кўчирма)

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Амир Темурнинг саркардалик маҳорати хусусида ҳам қизиқарли маълумотларни келтиради. «Жаҳон тарихида, — дейди у, — илк мунтазам армияни Амир Темур ҳазратлари тузган. Ҳозир „авангард“ деган атама ишлатилади ҳарбийларда. Соҳибқирон қўшинининг олдинги сафларида борувчи махсус қисмини шундай — „обонғорт“ деб аталгани маълум. Академик Тарленинг „Наполеон“ деган китоби бор. „Кимки, — дейди фаранг жаҳонгири Наполеон ўз маршалларидан бирига, — Амир Темур ўз-ўзича жанг қилган деса, катта хато қилади. Жаҳон тарихида илк мунтазам армияни, қулай тактика ва стратегияни Амир Темур ишлаб чиққан…“. Бу — Европани тиз чўктирган Наполеоннинг гапи. Демак, у ҳам жанг санъатини Амир Темурдан ўрганган экан, деган мантиқий хулоса келиб чиқади».

«Ҳар ердаким, иморатқа қобил ер кўрса эрди…»

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг «Жадид» газетаси 2024 йил 5 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Амир Темурнинг бунёдкорликка, умуман, ободончиликка катта аҳамият берганини унинг машҳур «Тузуклар»идан ҳам билса бўлади. Бу нарса унинг учунгина эмас, балки бутун салтанат учун ҳам ҳаётбахш дастур вазифасини адо этади ва салтанат русумига айланади.

«Амр этдимки, — дейди Соҳибқирон, — … хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсунлар, бузилган кўприкларни тузатсунлар, ариқлар ва дарёлар устига кўприклар қурсунлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар бунёд этсунлар… Катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсунлар, фақиру мискинларга лангархона солсунлар, беморлар учун шифохона қурдурсунлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласунлар. Ҳар бир шаҳарда дор ул-иморат (сарой) ва дор ул-адолат (қозихона) қурсунлар…».

Ушбу сўзларнинг замирида олам-олам маънолар яширин. Бунёдкорлик салтанатда урфга айланиб, унинг ҳаётбахш таъсири нафақат Соҳибқирон, балки амирзодалар, маликалар, аъёнлар ўртасида ҳам кенг тарқалди. Бу ҳаётбахш урфдан руҳланган Соҳибқирон эгачиси Қутлуғ Туркон оқа, рафиқалари — маликалар Бибихоним ва Туман оқа, келинлари Гавҳаршодбегим, Милкат оқа (Шоҳруҳ Мирзо хотинлари) каби ва бошқа маликаларнинг ўз маблағлари ҳисобига бунёд этган шифохонаю ҳаммом, хонақоҳу мадраса, масжиду работлари ҳақида тарихий китобларда батафсил ёритилган.

Амир Темур ва темурийларнинг бунёдкорлик ишлари

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети профессори, архитектура фанлари доктори Аҳтам Ўроловнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси 2024 йил 9 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Темурийлар даври… архитектурасига хос бўлган меъморий бинолар давлат мавқеи ва қудратига мос маҳобатли ва мунаққаш, гўзал. Улар композициясида меъморий яхлитликка, симметрия, ритм, меъморий шакллар ва ранглар мутаносиблигига эришилди. Биноларни қуришда бир-биридан ажратган ҳолда эмас, балки уларни туркумлаш, яъни бинолардан тузилган гўзал гулдаста (меъморий мажмуа) ансамбллар яратилди.

Темурийлар даврида қурилган ҳар бир бино архитектураси, асосан, беш қисмдан — бино курсиси, пештоқ, бино вужуди, иморат тарзи бурчакларидаги минорасимон бурж (гулдаста)лар ва бино қисмларининг бадиий тугаллик шаклларидан тузилган. Ана шу хусусият темурийлар даврида қурилган деярли барча биноларга хосдир. Яна бир хусусият — бино пештоқидан кирилгач, тархи квадрат ёки бўйлама ўқли тўғри тўртбурчакли ички ҳовли бўлишидир. Фақат мақбаралар бундан мустасно.

Бунинг сабаби шуки, иссиқ ва қуруқ иқлимли мамлакатлардаги иморатлар ҳовлиси соя-салқин бўлиши ҳаётий эҳтиёждир. Ички ҳовлида қуёш чиққандан то ботгунга қадар ҳовлининг уч тарафида соя бўлиши таъминланади. Соянинг катталиги ва давомийлиги эрталабдан тушгача ва тушдан сўнг кечгача ошиб бориб, ҳовлида нафақат қуюқ сояни, балки салқинликни ҳам таъминлайди. Иқлими иссиқ бўлмаган мамлакатларда эса бунга эҳтиёж йўқ. Бундан ташқари, ички ҳовли иморат ички муҳитининг атроф четдан мутлақ холилигини ва осойишталигини ишончли тарзда таъминлайди. Мана шу сабабларга кўра, темурийлар даври иморатлари ҳам одатда ички ҳовлили қилиб қурилган, десак хато бўлмайди.

Темурийлар даври архитектурасининг меъморий типологияси ва турлари шу қадар кенгки, уларгача Европа ва Ўрта Шарқнинг баъзи мамлакатлари бунёдкорлик амалиётида бундай бино ва иншоотлар турлари кенг тарқалмаган эди. Халқ саломатлиги ва гигиенасини сақлашни таъминловчи даволаш муассасалари (шифохоналар, дор уш-шифолар, дорихоналар, ҳаммомлар, гармобалар) ҳамда сўлим боғ-саройлар ҳудудида алоҳида бино тарзида қурилган кўргазма уйлар фикримиз далилидир. Булардан ташқари, темурийлар даврида шаҳристон дарвозаларидан то унинг марказигача чўзилган узун, усти ёпиқ бозор кўринишидаги шаҳар савдо кўчалари ҳам қурилган (Самарқандда шаҳарнинг Оҳанин дарвозаси ёнидан то Регистонгача, Ҳиротда шаҳристон дарвозаларидан то марказий чорраҳагача қурилган усти ёпиқ савдо кўчалари).

Амир Темур байроғидаги уч ҳалқа нимани англатган ёхуд «Минг аскар» жанг санъати ҳақида

Филология фанлари доктори, фольклоршунос олим Шомирза Турдимовнинг «XXI аср» газетаси 2024 йил 4 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Ақлга бўйсунмаган дали куч бузғунчилик келтириши мумкин. Ота­боболаримиз бу хатарли офат зарарини яхши англаб етганлар. Шу сабабли тан ва руҳ тарбиясини уйғунликда, вобасталикда олиб боришган. «Минг аскар» жанг санъати тизимида ана шу уйғунликнинг мукаммал кўриниши намоён.

Эътибор беринг: уч ҳалқа — 1) ­тонг отиши, 2) ­туш вақти, 3) ­кун ботиши. Тумор (ҳалқалар)нинг жойлашуви Амир Темур байроғидаги уч ҳалқа тасвирига ҳам мос келади. Ўттиз уч йўл эса ушбу уч ҳалқа теварагига қуёш чиқиб ботгунига қадар вақт оралиғида бир-­бир жойлашади.

«Минг аскар» жанг йўлларининг тартиби: 1. Товус тонги. 2. Шамол қилич. 3. Аскарлар ўйини (1). 4. Қанотли пичоқ. 5. Тепа кўз. 6. Соя ўйин (1). 7. Ёввойи от. 8. Қўша таёқ. 9. Қурол ўйин (1). 10. Оловли йўл. 11. Аскарлар ўйини (2). 12. Чаён ҳимояси. 13. Ялтироқ қилич. 14. Сеҳрли таёқ. 15. Довюрак лочин. 16. Енгилмас асо. 17. Қайсар қурол — жабр қурол — қайтар қурол. 18. Заҳарли найза. 19. Оловли бархан. 20. Олтин қурол. 21. Қўша қилич. 22. Бўри ови. 23. Аскар ўйин (3). 24. Йилдирим қилич. 25. Қурол ўйин (2). 26. Қирқ оёқ. 27. Темир тирсак. 28. Соя ўйин (2). 29. Учар ханжар. 30. Белбоғ қилич. 31. Аскар ўйин (4). 32. Аждарҳо қаҳри. 33. Тошбақа — темир қалқон.

Соҳибқирон ёдидан руҳ олган жадидлар

Бухоро давлат университетининг Жаҳон тарихи кафедраси ўқитувчиси, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Ҳайитовнинг «Халқ сўзи» газетаси 2024 йил 6 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

1920−1924 йилларда мавжуд бўлган Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати истиқболни ўйлаб, ривожланган мамлакатлар даражасига эришиш мақсадида ўз ўқувчи ва талабаларини Олмонияга ўқишга юборганди. Халқ маорифи нозири лавозимида ишлаб турган Абдурауф Фитрат хорижга ўқиш учун жўнаб кетишларидан олдин талабаларни оташарава (позед)да Самарқанд шаҳрига бошлаб бориб, уларни соҳибқирон Амир Темур сағанаси олдида тиз чўктириб, қасамёд қилдиради. Афсуски, унинг матнини тўлиқ ҳолда топа олмадик. Бироқ қасамёдда Амир Темур руҳига садоқат, Ватанга муҳаббат, юона юрт туйғуси билан яшаш, ўз миллати ва халқини бир нафас ҳам ёддан чиқармаслик, хориждан илмли, маърифатли бўлиб қайтиш, миллат равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилиш каби мақсад-муддаолар сингдирилганига шубҳа йўқ…

Амир Темурнинг руҳи нафақат ватандошларимизга, балки ХХ асрнинг 20-йилларида мустақиллик учун кураш йўлига кирган қардош турк халқининг улуғ фарзанди Мустафо Камол Отатуркка ҳам мадад ва умид берган. У «Амир Темур ҳақида ёзишмалар»ида Соҳибқирондаги улуғлик ва жасоратни юксак баҳолайди. «Мен Амир Темур даврида яшасам, унчалик иш қила олмаган бўлардим. Улуғ Темур мени давримда яшаса, мендан бир неча карра кўп иш қилган бўларди», деган ўлмас фикрларни билдиради.

1922 йилда БХСР элчилари Мустафо Камолни ёрқин ғалабаси билан қутлаш, Туркия-Бухоро алоқаларини ўрнатиш учун Анқарага ташриф буюрган. Истанбулда таҳсил олган Бухоро жадидлари вакилларидан Маҳмуд Ражаб ва Маҳмуд Назар руҳий мадад бўлсин деб Мустафо Камолга олтин дастали қиличлар, соҳибқирон Амир Темур даврида китобат қилинган Қуръони каримнинг нодир нусхаларидан бирини совға сифатида олиб борган.

Тарихдан маълумки, ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида Ўзбекистонда миллатпарварлар ўнлаб яширин ва яримяширин миллий уюшмалар тузган. Шундай уюшмалардан бири «Темур» гуруҳи деб аталган. У Қўқон шаҳрида Абдулла Каримов, Лутфулло Олимий каби зиёлилар томонидан ташкил этилиб, Фарғона водийсидаги 192 нафар журналист ва зиёлини бирлаштирган. Ушбу аксилшўровий ташкилот таркибида Умархўжа Холиқов, Абдулла Раҳматзода, Маматқул Холдоров, Толибжон Охунжонов, Обиджон Ҳакимов, Воси Қаюмов, Носир Эргаш, Комилжон Қосимов, Мухтор Муҳаммадиев каби маорифчилар, газета муҳаррирлари, ташкилот раҳбарлари, мактаб мудирлари бўлган.

«Темур» гуруҳи ўзининг тўрт йиллик (1924−1929) фаолияти давомида миллий мустақил давлат тузишдек олий мақсад сари интилди. Гуруҳ аъзолари истиқлол учун курашда бизни Амир Темур сиймоси қўллаб-қувватлайди, деган қатъий ишонч билан келажакка боқдилар. Бироқ мустабид совет тузуми 1929 йил бошларида «Темур» гуруҳини фош этиб, улар устидан шафқатсиз ҳукм чиқарди.

Адолатни шиор тутган буюк ҳукмдор

Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадовнинг «Халқ сўзи» газетаси 2024 йил 9 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Амир Темурнинг ҳар иш тамалида адолатни устун қилганлиги асрлар оша авлодлар қалбида муҳрланиб келади. Турк республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк Амир Темурга: «Жаҳонда яшаб ўтган саркардаларнинг энг улуғи» дея таъриф бергани ҳам бежиз эмас.

Тарихий манбаларда Амир Темур ҳар жанг олдидан аскарлар маошини ортиғи билан бериб боргани ҳақида маълумот берилади. Агар бу ислоҳот моҳиятини таҳлил этсангиз, ҳомийлик ва сахийлик ортида кучли иқтисодчи бўлган саркарданинг моддий рағбат кучи, олдиндан берилган масъулият қатъияти ва мотивация қудратига қаратилган сиёсати туради…

Соҳибқирон тахтга чиққанидан сўнг, биринчи навбатда, мамлакат тараққиётининг асоси бўлмиш таълимга катта эътибор қаратди. Ўша даврнинг асосий таълим даргоҳлари бўлган мактаб ва мадрасаларга вақф мулклари ажратиш орқали уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади…

Соҳибқирон ўзи барпо этган империяда осойишталикни сақлаш билан бирга, иқтисодиётни юксалтириш ва элнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга алоҳида эътибор берди. Бунда энг самарали усул — мамлакатда ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиши, тараққий этиши учун имкон, шароит ва муҳит яратиб беришида кўринди. Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг юксак иқтисодий тафаккури, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаши, бу борада яратиб бераётган шароитлари улуғ аждодимиз ислоҳотларига ҳамоҳанг эканининг яққол далилидир.

Улкан тоғ қаршисида ёки хазиналар қулфи нега очилмаяпти?

Ёзувчи Ҳаким Сатторийнинг «Ҳуррият» газетаси 2024 йил 3 апрель сонида эълон қилинган мақоласидан парчалар

Соҳибқирон бобомиз ҳақидаги маълумотлар турли кўринишларда, салмоқли кўламда бизгача етиб келган. Энди асосий вазифа худди сомон ғарами ичидан олтин игнани излаб топгандек, тарихий далилларни вақт ва илм талабидан келиб чиқиб, саралаш ва кенг жамоатчиликка тарих ҳақиқатини ҳаёт ҳақиқати билан уйғунлаштириб, жамоатчиликка етказишда қолган. Дунё тафаккур аҳли Амир Темурдек муҳташам зотнинг ҳаёти ва фаолиятига жуда катта қизиқиш билан қараб келган ва бу қизиқиш асло сўнган эмас. Замона зайли ҳозирги миллий зиёлилар бу борадаги асосий масъулиятни зиммаларига олишини шарт қилиб қўйди, чунки бу борада энг адолатли ва тўкис гапни Соҳибқироннинг ватандошлари айтиши фарз ва қарз. Албатта, бу йўналишдаги юмушлар ҳаёт қадар давом этаверади, илм-фаннинг мантиғи шуни тақозо қилади.

Демак, юмушнинг қанчалик долзарблиги, муҳимлиги аниқ, қилинаётган ва қилинажак ишлар ана шу мезонлар билан баҳоланади. Масалан, ҳазратнинг таржимаи ҳоли юзасидан ҳар бир далил оламшумул тарихнинг бир қисми сифатида изчил мантиқийликка асосланиши, ҳар бир ҳолат атрофлича далилланиши, яъни қаҳрамон шахсиятининг мантиғи яққол намоён бўлишига хизмат қилиши бор гап. Бир ҳолат: қадимда ҳам, ундан кейин ҳам, ҳозир ҳам бу зот кимлигига қизиқиш катта бўлганини дунёнинг энг йирик тилларида турли жанрдаги асарлардан, халқ китобларидан, оғзаки ижод намуналаридан билиш мумкин. Энди оддий савол туғилади: ана шу хазина таснифланганми? Ёки бир йўналишдаги асарлар қиёсий ўрганилганми? Ва, ниҳоят, энг оддий мантиқий савол: ҳазрат Соҳибқироннинг мукаммал таржимаи ҳоли яратилдими?

Агар бу саволларга «инсоф маҳкамаси» талаби билан жавоб бериладиган бўлса, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар навбатда турганлиги маълум бўлади. Тўғри, ўтган йилларда бу борада анча ишлар амалга оширилди, тарихий, бадиий, ҳужжатли-хронологик, саҳна асарлари яратилди, кўплаб мақолалар эълон қилинди, илмий ишлар юзага келди (ҳатто бу ҳолдан эсанкираб қолган баъзи қитмир кишилар «Темурчи кўпайиб кетди» деган гап ҳам чиқарди). Албатта, бундай оммавийлик яхши, қалам аҳлининг ўз фахрли аждодига меҳрини, биринчи навбатда муносабатини ёзувда ифодалаганини қутлаш лозим. Лекин масаланинг бир нозик томони — турли уйдирма-ю тўқималардан асл тарихий ҳақиқатни ажратиб олишнинг мураккаблашиб кетиши, ҳатто моҳиятдан узоқлашишнинг кўзга ташлангани бўлиб қолди. Баъзан ҳаммабоп, жаҳоншумул мавзуда асосий мақсад бир четда қолиб, ўз шахсини ёки билимдонлигини, ҳатто фидойилигини кўз-кўз қилиш, олдинга суриш ҳоллари ҳам учради.

Ана шундай шароитда тарихий тадқиқотларни мувофиқлаштириш йўқлиги баъзан панд бергани ҳам рост. Масалан, бир-икки йил олдин бир хориж реклама агентлиги очиқчасига туҳмат билан чиқди. Ёки Гўри Амир хилхонасининг очилиши билан боғлиқ воқеаларни турли ракурслардан қийшиқ талқин қилиш давом этмоқда. Ёки Соҳибқироннинг Русга юриши, Йилдирим Боязид билан тўқнашувини изоҳлашда ўша давр шароитини ҳисобга олмаслик, бугуннинг талаблари билан воқеликка баҳо бериш ҳоллари учрамоқда. Шунингдек, Хитой юришини турли манфаатлар чиғириғида айлантиришга зўр бериш кўзга ташланмоқда. Инсоф билан айтганда, бундан етти аср олдин ўтган воқеаларни ҳозирги мезонлар билан баҳолаш, ўз манфаатидан келиб чиқиб ёндашиш, умуман, маърифийликка тўғри келмайдиган ҳолат.