Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ юристи ўзаро келишган. Улар суд тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2021 йилда 8 йил 6 ой муддатга қамалган шахсга нисбатан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириб бериш эвазига 75 минг доллар сўраган.

Бироқ улар пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Таъкидланишича, адвокат 2015−2020 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судининг судьяси, МЧЖ юристи эса 1999−2003 йилларда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди ходими сифатида фаолият юритган.

Бошқа ҳолатда эса муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати суд органларидаги танишлари орқали узоқ муддатга қамалган маҳкумнинг жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога алмаштириб беришини айтган. Эвазига 17 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд шаҳридаги адвокатлик ҳайъати адвокати шаҳар прокуратураси иш юритувидаги жиноят иши бўйича гумонланувчи шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламасликлари учун прокуратура тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 2 минг доллари талаб қилган. Лекин 1,5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, дейилади хабарда.