Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан вазирлик ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўзгарди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Марказ директори сифатида ишлаб келаётган Агзам Нартаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Унинг ўрнига Алишер Темиров Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Алишер Темиров 2009 йил Тошкент фармацевтика институтини тамомлаган. Турли йилларда ССВнинг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Янги тиббий техника қўмитаси раиси, Дори воситалар, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази бўлим бошлиғи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари каби масъул лавозимларда ишлаган.

Алишер Темиров, шунингдек, раҳбар кадрларни тайёрлаш дастури доирасида Германияда стажировка ўтаган. Унинг бевосита иштироки билан Ўзбекистон Европа ва АҚШ фармокопеяларида кузатувчи мақомини ҳамда Ўзбекистон Давлат фармакопеясини яратишда уларнинг матнларини нусхалаштириш ва уйғунлаштириш ҳуқуқини олган.

У тайинловга қадар ССВнинг фармацевтика соҳасини тартибга солиш ва дори воситалари эҳтиёжларини аниқлаш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.