Тошкент шаҳри ИИББ 2024 йилнинг дастлабки 3 ойида 1068 нафар аёл фоҳишалик билан шуғуллангани учун қўлга олингани ҳақида хабар берди.

тошкент, фоҳишалик

«Уларнинг 92,8 фоизи, яъни 992 нафари вилоятлардан келиб, мазкур турдаги ҳуқуқбузарликни содир этгани учун жавобгарликка тортилган. 209 кишига нисбатан қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган», — дейилади ИИББ хабарида.

Хусусан, яқинда ўтказилган тадбирлар давомида 14 нафар аёл фоҳишалик билан шуғулланаётгани маълум бўлган. Улар Telegram орқали алоҳида ҳақ эвазига интим хизматларини таклиф қилаётгани аниқланиб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Хабар қилинишича, Миробод тумани ҳокимиятининг биносида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси (Фоҳишалик билан шуғулланиш, у БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача — 1 млн 20 минг сўмдан 2 млн 380 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади)га асосан, Тошкент шаҳри ҳудудида ахлоқ-одоб доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизларнинг маъмурий жавобгарликка тортилиши масаласини кўриб чиқиш юзасидан сайёр суд бўлиб ўтди.

Унда пойтахт ИИББ бошлиғи ўринбосари, Миробод тумани судъялари, туман бош имом хатиби ва отинойиси, туман ИИО ФМБ масъуллари ҳамда Тошкент шаҳри ОИТСга қарши курашиш маркази масъул ходимлари ҳамда профилактик ҳисобга олинган хотин-қизлар иштирок этди.

Ҳуқуқбузарлик содир этган 6 нафар аёлга нисбатан МЖтКнинг 190-моддасига асосан маъмурий қамоқ жазоси, 8 нафарига эса жарима жазолари тайинланди. «Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда», — дея қўшимча қилди ИИББ.