Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилди ДХХ.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Чортоқ-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Чортоқ туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг ёнида 2 кг 47 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Унинг яшаш хонадонидан ҳам келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 4 кг 942 гр «гашиш» моддаси олинди.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами 6 кг 989 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди. Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик моддалар муқаддам қирғизистонлик наркокурерлар томонидан Чортоқ туманига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилгани маълум бўлди.

Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўзининг бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашинада 1 кг 842 гр «гашиш» моддасини Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1984 йилда туғилган фуқарога 14 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситасини қирғизистонлик наркокурер муқаддам Янгиқўрғон туманидаги хуфия жойга қолдириб кетганлиги маълум бўлди.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1988, 1995, 1998 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Тожикистондан олиб келинган 936 гр «опий» моддасини харидорга бериб, ундан келишилган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган — 1992 йилда туғилган ургутлик шахс ҳам ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қувасой шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс муқаддам тожикистонлик жиноий шериги томонидан Қувасой шаҳридаги хуфия жойга қолдириб кетилган 950 гр «гашиш» моддасини олиб, уни 1987 йилда туғилган ҳамшаҳарига пулини кейинчалик бериш шарти билан 6 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик савдосига Қувасой шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро ҳам алоқадор экани аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.

Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Тожикистондан олиб келинган 492 гр «гашиш» моддасини 75 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.