Ўзбекистонда 6 апрель, шанба куни ёмғирли ўтиши, якшанба куни эса об-ҳаво қуруқ бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Жума куни кундузи Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда асосан жадаллиги кам бўлган ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ билан кузатилади.

Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида кун давомида ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечга томон республиканинг марказий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳарорат +20…+23, жанубда +27 даражагача бўлади.

Шанба куни Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ ҳам бўлиши мумкин. Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида эса баъзи жойларда фақат кечаси ва эрталаб ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва +15…+18 даража атрофида бўлади.

Якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати яна +20…+23 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳарорат асосан +7…+12 даража бўлади.

5−6 апрель кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади. Тоғли ҳудудларда 5−6 апрелда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, баланд тоғларда қор) бўлади, 6 апрелда баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 5 апрель кечга томон ва 6 апрелда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши ва шамол 12−15 м/с гача кучайиши мумкин. 7 апрелда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 5 ва 7 апрель кунлари +20…+23 даража, 6 апрель-шанба куни +15…+17 даража бўлади. Ҳарорат кечалари +7…+12 даража атрофида бўлади.