Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги мактаблардан бирида синфдошига нисбатан буллинг уюштирган, уни калтаклаган қизларнинг ота-оналари жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар қилди.

Туманда яшовчи, 2010 йилда туғилган Э.О. исмли қиз Болалар омбудсманининг шахсий қабулига 3 апрель куни мурожаат қилиб, синфдошлари томонидан муттасил тазйиқ ва буллингга учраётгани, бу ҳолатга мактаб маъмурияти ҳам, бошқа масъуллар ҳам эътиборсиз эканини билдирган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ички ишлар органлари мазкур ҳолатни ўрганди.

Бўстонлиқ тумани ММТ бўлими ўрганиши давомида 2024 йилнинг 18 март куни информатика дарсида Э.О, С.М., М.К., К.В. (барчаси қизлар) ўзаро гап талашиб қолишгани, дарс машғулотлари тугаганидан сўнг низони ҳал қилишни келишиб, дарс тугаганидан кейин мактаб синф хонасида йиғилиб ўзаро жанжаллашгани ва 3 нафар қиз биргаликда Э.О.ни уришгани, уни турли ҳақоратли сўзлар билан камситишгани маълум бўлди.

Бўстонлиқ тумани «Марказий» МФЙ профилактика инспектори томонидан болалар ўртасидаги бу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган ўқувчи қизлар Э.О. ва К.В. га суд тиббиёт экспертизаси тайинланган ва уларнинг енгил тан жароҳати олганликлари аниқланган.

Мазкур буллинг ҳолати юзасидан К.В., С.М., М.К. ларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1- қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик / базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима) асосида маъмурий жавобгарликка тортилди. Қизлар билан махсус психологик коррекцион иш олиб бориш учун психолог бириктирилди.

Мактаб раҳбарияти ва инспектор-психолог болалар ўртасида бу каби буллинг ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тегишлича огоҳлантирилди.