Бухоро вилояти Руҳий-асаб касалликлари диспансери маъмурияти муассасада фаол даволанишга муҳтож бўлмаган қиз борлиги, аммо ундан ҳеч ким хабар олмаслигини айтиб, болалар омбудсманига мурожаат йўллади.

Мурожаатда айтилишича, диспансердаги 2009 йилда туғилган М.Я. исмли қиз бугунги кунда фаол даволанишга муҳтож эмас. Аммо ҳозирда ундан ҳеч ким хабар олмайди, унинг онаси қизини олиб кетолмаслиги айтган.

Болалар омбудсмани вояга етмаган M.Я. оиласининг ижтимоий вазияти баҳоланиши ва унинг шифохонадан чиқарилиб, соғлом ҳаётга мослашуви юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига сўров юборди.

Агентликнинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан оиланинг ижтимоий вазияти ўрганилиб, қизнинг онаси билан учрашилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада М.Я. 19 март куни диспансердан чиқарилиб, яшаш манзилига олиб кетилди.

У ҳозирда ўқишини Бухоро шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта мактабда давом эттирмоқда.