Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Абдулқосим Эшон мадрасаси ички қисмига ўзбошимчалик билан ҳожатхона қуриб олингани аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида «У.М.» жамоат фонди мансабдор шахслари томонидан XVI асрга оид Абдулқосим Эшон мадрасаси архитектура ёдгорлиги ички қисмига ҳожатхона қурилиб, коммуникация тармоқлари ўтказилгани маълум бўлган. Оқибатда ёдгорликка 65,6 миллион сўм зарар етган.

абдулқосим эшон мадрасаси, бош прокуратура, маданий мерос агентлиги

Бу каби ҳолатлар Андижон ва Наманганда ҳам юз берган. Хусусан, тадбиркор О.А. ва бошқалар Наманган шаҳридаги XIX асрга оид «Сирли масжид» архитектура ёдгорлигининг қадимий ганчкор услубдаги кириш дарвозаси ва минорасини тўлиқ бузиб ташлаб, 554,4 миллион сўм зарар етказган.

Фуқаро М.К. Андижон шаҳридаги ХХ асрга оид Юнусхожи масжиди архитектура ёдгорлигининг 113,7 метр куб қисмини бузиб юбориб, ёдгорликка 801,5 миллион сўмлик зарар етказган.

«Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.