1 апрел куни «Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-55-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармонга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда:

  • чет тилини билиш бўйича камида В2 даражадаги сертификатга эга бўлган ўқитувчилар томонидан фанларни чет тилида ўқитиш амалиёти жорий этилади;
  • математика, физика, кимё, биология, табиий фанлар (science), информатика ва ахборот технологиялари фанларидан дарсларни чет тилида олиб борган ўқитувчиларга тариф ставкасига нисбатан 100 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

Президент мактабларининг маҳаллий ўқитувчиларига уларнинг тариф ставкасига нисбатан 350 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Бунда, устама педагоглар томонидан қуйидаги шартларнинг барчаси бажарилган тақдирда тўланади:

  • Кембридж (Cambridge Assessment International Education) халқаро таълим дастурлари асосида дарс бериладиган фанларни ўқитиш бўйича 3 та (Introductory, Extension, Marking) курсни муваффақиятли тугатиш ва бу ҳақида тегишли сертификат олиш;
  • Президент мактабларида камида 1 йиллик иш стажига ва чет тилини билиш бўйича камида С1 даражадаги ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш.

Шунингдек, фармонга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда тажриба-синов тариқасида «Янги Ўзбекистон» университети билан ўзаро интеграциялашган ўқувчиларни муҳандислик асосларига ўргатиш бўйича таълим дастурлари жорий қилинади.

Бунда:

  • Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ўқув жараёни 5 йиллик дастурлар асосида STEM модели бўйича ташкил этилади;
  • муҳандислик дастурларига танлов умумий ўрта таълим муассасаларининг математика, мантиқий фикрлаш, информатика ва муҳандислик йўналишлари бўйича қобилияти бор 6-синф битирувчилари орасидан амалга оширилади;
  • муҳандислик таълим дастурлари «Янги Ўзбекистон» университети бакалавриат таълим дастурлари билан ўзаро интеграция қилинади;
  • муҳандислик таълим дастурларини лозим даражада ўзлаштирган битирувчиларга ўз ўқишини «Янги Ўзбекистон» университети тегишли бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичидан давом эттириш ҳуқуқи берилади.