2 апрель куни кечқурун ижтимоий тармоқларда пенсия олувчиларнинг телефонларига пенсиялар ҳисоблангани ҳақида, кейин эса картани тўлдириш бекор қилингани ҳақида билдиришномалар келгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Пенсия жамғармаси ва Халқ банки пенсия олувчиларнинг 3 фоизига таъсир кўрсатган техник хатолик ҳақида хабар берди.

«Халқ банки тизимида пенсия маблағларининг юкланиши жараёнида техник носозлик юзага келганлиги сабабли баъзи мижозларнинг банк карталарига кирим қилинган маблағлар „бекор қилинган“ ҳолати юзага келган», — дейилади Халқ банки хабарида.

«Ҳозирда ушбу хатоликлар бартараф этилиб, „бекор қилинган“ пул маблағлари банк карталарга қайтарилмоқда», — дейилади банк хабарида.

Улар президентнинг ПҚ-5102-сонли қарорига асосан, барча пенсионерлар пенсияларини ойнинг 5-кунига қадар олишига ишонтирди.

Техник хато туфайли Халқ банки алоқа марказига қўнғироқлар кескин кўпайиб, боғланиш қийинлашган.

Банк билан боғланиш учун Telegram (@xbcallsupport) ёки банкнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан фойдаланиш мумкин, дейилади хабарда.