27 март куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси болага нисбатан қўпол муносабатда бўлгани учун ишдан олинди. Бу ҳақда болалар омбудсмани ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, тарбияланувчи қизнинг онаси гуруҳ тарбиячиси томонидан вояга етмаган фарзандига қўполлик қилгани тўғрисида туман ММТБга мурожаат қилган.

Мурожаатда тарбиячи кундузги машғулот вақтида бола йиғлагани учун унга қўпол муносабатда бўлгани, қўл кўтаргани, оқибатда қизнинг қўлида кўкаришлар борлиги билдирилган.

Ҳолат ўрганилганда тарбиячи ҳақиқатан ҳам болага нисбатан ниҳоятда қўпол, педагог учун хос бўлмаган муносабатда бўлгани аниқланди, дейилади бўлим хабарида.

29 март куни тарбиячига нисбатан интизомий чора кўрилди ва тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳолат туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.