Сенат 30 март куни ўзининг 51-ялпи мажлисида «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди.

Қонун билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилиши режа қилинган.

Жумладан, ҳозирда янги қурилган кўп қаватли уйларнинг айримларида тегишли инфратузилма кўзда тутилмагани сабабли қайта қурилиш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бундан кейин бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг аризаси бўлганда, хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Операторларга телекоммуникация инфратузилмаси объектларидан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, қонун билан эндиликда банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия талаб этилмаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун нормалари Конституцияга мослаштирилиб, телекоммуникациялар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш эканлиги белгилаб қўйилмоқда.

Парламент юқори палатасининг қайд этишича, амалдаги «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонун 1999 йилда қабул қилинган бўлиб, унда назарда тутилган бир қатор қоидалар эскирган ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Жумладан, мавжуд тартибга солиш механизмлари ва атамалар ўз аҳамиятини йўқотгани сабабли амалиётда нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ва соҳанинг ривожланишига тўсиқлар пайдо бўлмоқда.

Соҳага оид бир нечта қонун мавжуд бўлиб, уларнинг тегишли нормаларини тизимлаштириш зарурати мавжуд. Шу сабабли қабул қилинган ҳужжат билан «Алоқа тўғрисида»ги қонун ва 1999 йил таҳриридаги «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонун ҳамда бошқа 13 та қонун ёки улардаги нормалар бекор қилинмоқда.