Ўзбекистонда оғир жиноят айби қўйилганда ҳам судьяларни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш мумкинлиги белгиланмоқда. Сенатнинг 30 мартда бўлиб ўтган 51-ялпи мажлисида тегишли ўзгартиришни назарда тутувчи қонун қабул қилинди.

Судлар тўғрисидаги қонуннинг 64-моддасига мувофиқ, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳолларда қўлланиши мумкин.

Сенат қабул қилган қонун билан бундай чора судьяга нисбатан оғир жиноат содир этганлик айби қўйилган ҳолларда ҳам қўлланиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Ялпи мажлисда сенатор Уликбек Жалменов Олий суд вакилига бу ўзгартиш юзасидан саволлар берди.

«Мазкур ўзгартиришни киритиш қанчалик зарур? Унинг аҳамияти нимадан иборат? Амалиётда қандай тажрибалар бор?» — деди сенатор.

Саволга Олий суд раисининг ўринбосари Шухрат Полванов жавоб берди.

«Жиноятларни оғир ёки ўта оғир деб таснифлайдиган бўлсак, коррупциявий жиноятлар оғир жиноятлар таркибига киради. Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Шу жумладан, суд тизимида ҳам коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида кескин чоралар кўриляпти. Таклиф этилаётган норма ҳам судьялар томонидан оғир жиноят содир этганликда, коррупциявий жиноятларни ҳам содир этганликда айб қўйиладиган бўлса, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни назарда тутади», — деди у.

Шухрат Полвановнинг қўшимча қилишича, бундай тажриба хорижий давлатларда, жумладан, қўшни Қозоғистон ва Украинада ҳам мавжуд.

«Бу нормадан ҳам мақсадимиз судлар томонидан адолатли қарор чиқарилишига эришиш ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳисобланади», — деди Олий суд вакили.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексига мувофиқ, жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган; унча оғир бўлмаган; оғир; ўта оғир жиноятларга бўлинади. Оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради. Ўта оғир жиноятларга эса қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.

Сенат қабул қилган қонунда, шунингдек, Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, ўз навбатида, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши назарда тутилган.

Шунингдек, қонун ҳужжатларига суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилгани муносабати билан ягона суд амалиёти таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Сенаторлар қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамоатчилик судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек, қонунчиликдаги айрим бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлади.